Масқат шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саидни икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Уммон Султони Шавкат Мирзиёевни икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қўшган ҳиссаси учун мамлакатнинг олий давлат мукофоти — "Ол Саид" ордени билан тақдирлади.
Ўзбекистон Президенти ушбу эътироф учун миннатдорлик билдириб, мукофотни бутун ўзбек халқига, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка кўрсатилган ҳурмат сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саидни икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан мукофотлади.
Таъкидланишича, давлат раҳбарларининг бир-бирини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаши Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиш ифодасидир.






