АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Наманганда 3,3 млрд сўмлик 23 мингдан ортиқ дори воситаси яширин омбордан топилди

Ҳозирда топилган дори воситалари процессуал тартибда олиб қўйилган.

'Наманганда 3,3 млрд сўмлик 23 мингдан ортиқ дори воситаси яширин омбордан топилди'ning rasmi

Наманган шаҳрида яшовчи шахс ўз хонадонида яширин омбор ташкил этиб, 3,3 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги 23 мингдан зиёд дори воситасини сақлаб келаётгани аниқланди. Ушбу дориларнинг сифати кафолатланмаган бўлиб, мамлакатга ноқонуний олиб кирилгани айтилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Тадбир давомида Янги Наманган туманидаги "Мингтерак" маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахснинг хонадони кўздан кечирилган. Натижада хорижда ишлаб чиқарилган 156 турдаги дори воситалари аниқланган.

Маълум бўлишича, яширин омбордан жами 23 минг 432 дона дори воситаси топилган. Уларнинг дастлабки умумий қиймати 3,3 миллиард сўмдан ортиқ деб баҳоланган.

Ҳозирда топилган дори воситалари процессуал тартибда олиб қўйилган. Уларнинг таркиби ва хусусиятларини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқароларни шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Бунда мурожаат қилган шахснинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланиши билдирилган.

Шунингдек, идора хорижда ишлаб чиқарилгани ёки нархи қимматлиги дори воситасининг сифати кафолатланганини англатмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

    Бошқа янгиликлар