Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида маҳалла раиси тадбиркорга туманга қарашли бинодан жой ажратиб бериш ва шартнома расмийлаштириш эвазига 900 доллар олаётган вақтда қўлга тушди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, 1988 йилда туғилган маҳалла раиси тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога Яшнобод тумани тасарруфидаги бинодан фаолият юритиш учун жой ажратиб бериш ҳамда тегишли шартномани расмийлаштиришни ваъда қилган.
Ушбу хизматлари эвазига у тадбиркордан 900 АҚШ доллари олган вақтда тезкор тадбир давомида ушланган.
Тезкор тадбир Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг Коррупция ва жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Уchteпа тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "г" банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Паркент туманида давлат захирасидаги 10 сотих ер майдонини 20 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган маҳалла раиси ва кадастр ходими ушланганди.
Улар яна бир фуқаро билан биргаликда 17 минг доллар ва 37 миллион сўмни олаётган вақтда қўлга тушган. Ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.






