Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида беш нафар мактаб ўқувчиси бўлган Gentra автомашинаси йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда 13 ёшли ўқувчи ҳалок бўлди, яна икки нафари жароҳатланди. Автомобилни ЙҲХБ ходимининг вояга етмаган ўғли бошқаргани айтилмоқда.
Ҳодиса 12 ноябрга ўтар кечаси Тойлоқ туманидаги “Нурли йўл” маҳалласи ички йўлида содир бўлган.
Маълум қилинишича, автомашина салонида 15-мактабнинг 8-синфида таҳсил олувчи беш нафар ўқувчи бўлган. Рулда эса ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир ўтирган.
Ҳаракат вақтида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомашина йўл четидаги дарахтга бориб урилган. Ҳодиса оқибатида 13 ёшли ўқувчи машина ичида қисилиб қолиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна икки нафар бола турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Нашр манбасининг таъкидлашича, автомашинани бошқарган ўсмир Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимининг ўғли бўлган. У аввал ҳам автомашина бошқариб юргани, бу ҳолат атрофдагиларга маълум бўлгани, бироқ тегишли чора кўрилмагани айтилмоқда.
Ҳозирча мазкур ҳолат бўйича масъул идораларнинг расмий муносабати очиқланмаган.






