АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда маҳкумларга олий таълим олиш имконияти яратилади

Мазкур чора-тадбирлар маҳкумларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва озодликка чиққанидан кейин жамиятга мослашувини таъминлашга қаратилган.

'Ўзбекистонда маҳкумларга олий таълим олиш имконияти яратилади'ning rasmi

Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам олий маълумот олиши мумкин бўлади. Улар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларига ўқишга кириб, масофавий шаклда тўлов-контракт асосида таҳсил олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу Президентнинг 2026 йил 16 ноябрдаги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2030 йилга қадар меҳнат бозори талабларига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади.

Ҳар йили 15–20 минг нафар маҳкумни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш кўзда тутилган. Бу орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

Олий таълимга қабул қилинган маҳкумларнинг масофавий ўқишини ташкил этиш учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади.

Бундан ташқари, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Шунингдек, барча колонияларда маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда «Ёш китобхон» танлови ўтказилади. Колониялар кутубхоналарида эса «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.

    Бошқа янгиликлар