АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Винисиус Жуниор ўйини пасайиши сабабларини очиқлади

Футболчи ҳатто Криштиану Роналду ва Лионель Месси каби юлдузлар ҳам фаолияти давомида узоқ йиллар энг юқори савияда ўйнаш осон бўлмаганини қайд этди.

'Винисиус Жуниор ўйини пасайиши сабабларини очиқлади'ning rasmi

"Реал Мадрид" ҳужумчиси Винисиус Жуниор жорий мавсумдаги ўйини пасайишига сабаб бўлган омиллар ҳақида гапирди. Бразилиялик футболчи мавсумолди тайёргарликка аввалгидек жиддий ёндашмаганини тан олди.

Бу ҳақда у Бразилия терма жамоасининг Сингапурга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Винисиуснинг айтишича, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасининг кутилмаган тарзда мусобақани тарк этиши унда жиддий тушкунликни келтириб чиқарган. Шундан сўнг футболчи таътил даврида машғулотларга камроқ вақт ажратиб, оиласи билан кўпроқ вақт ўтказишни афзал кўрган.

"Таътил давомида аввалги йилларга қараганда камроқ машғулот ўтказдим. Балки бу ҳолат мавсум бошидаги ўйинимга таъсир қилгандир", деди ҳужумчи.

Бундан ташқари, "Реал Мадрид" билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар ҳамда бошқа клубларнинг унга қизиқиши футболчига қўшимча босим юклаган. Винисиус келажаги билан боғлиқ ноаниқликлар унинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатганини яширмади.

Жорий мавсумда бразилиялик футболчи "Реал Мадрид" сафида 12 та учрашувда майдонга тушиб, бир гол ва учта голли узатмани амалга оширди. Бош мураббий Жозе Моуриньо эса унга мавсум давомида фақат учта учрашувни тўлиқ ўтказиш имконини берган.

Винисиус ўтган мавсумнинг биринчи ярмида ҳам гол уришда қийинчиликларга дуч келганини, бироқ кейинчалик ўзини тиклаб, голли ҳаракатлари самарадорлигини оширганини таъкидлади. У ўша мавсумда 20 тадан ортиқ гол уришга эришган.

Футболчи ҳатто Криштиану Роналду ва Лионель Месси каби юлдузлар ҳам фаолияти давомида узоқ йиллар энг юқори савияда ўйнаш осон бўлмаганини қайд этди.

Маълумот учун, Бразилия терма жамоаси сўнгги ўртоқлик учрашувида Японияга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу баҳсда Винисиус Жуниор рақиб дарвозасига икки марта тўп киритди.

    Бошқа янгиликлар