Сурхондарё вилоятида Қозоғистон фуқароси бошқарувидаги юк машинасидан 1 тонна 245,5 килограмм сирка кислотаси ангидриди аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Қозоғистондан Тожикистонга Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланаётган "Volvo" русумли юк машинаси "Сариосиё" чегара божхона постида текширилган.
Текширув жараёнида транспорт воситасининг юкхонасидан 47 та полиэтилен идишга жойланган, умумий оғирлиги 1 тонна 245,5 килограмм бўлган сирка кислотаси ангидриди топилган.
Аниқланишича, махсус рухсатнома асосида олиб ўтилиши лозим бўлган мазкур прекурсор юк ҳужжатларида кўрсатилмаган.
Маълумот учун, сирка кислотаси ангидриди саноатда қўлланиладиган кимёвий модда бўлиб, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тайёрлашда ҳам ишлатилиши мумкинлиги сабабли унинг муомаласи назорат қилинади.






