АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ким Чен Ин 30 йилдан ортиқ давом этган дипломатик анъанани ўзгартирди

Мутахассислар фикрича, турли қитъалардаги давлатлар элчиларининг маросимда қатнашиши Шимолий Корея дипломатик алоқаларини кенгайтиришга интилаётганини кўрсатиши мумкин.

'Ким Чен Ин 30 йилдан ортиқ давом этган дипломатик анъанани ўзгартирди'ning rasmi

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 10 давлат элчисининг ишонч ёрлиқларини шахсан қабул қилди. Шу тариқа у мамлакатда 30 йилдан ортиқ вақт давомида амал қилиб келган дипломатик анъанани ўзгартирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Financial News нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, маросим 22 ноябрь куни Пхеньяндаги Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси биносида ўтказилган. Унда Россия, Швеция, Бразилия, Ҳиндистон, Вьетнам, Индонезия, Чехия, Филиппин, Таиланд ва Бангладеш элчилари иштирок этган.

Ким Чен Ин дипломатлар билан алоҳида учрашиб, улар билан эсдалик учун суратга тушган. Маросимда Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хуэй ҳам қатнашган.

Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен даврида хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини мамлакат раҳбари шахсан қабул қилган. Ким Чен Ин ҳокимиятга келгач, бу вазифа Олий Халқ Ассамблеяси Доимий қўмитаси раисига ўтказилган.

Жорий йил март ойида Конституцияга киритилган ўзгартишлар билан мазкур ваколат Давлат ишлари комиссияси раисига қайтарилган. Ким Чен Ин янги ваколатидан илк бор шу маросимда фойдаланган.

Учрашувда у Шимолий Корея барқарор иқтисодий ўсишга интилаётгани ва ташқи алоқаларни ривожлантиришга аҳамият қаратаётганини айтган. Шунингдек, мамлакат ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик эканини таъкидлаган.

Ким Чен Ин мамлакат суверенитетини ҳурмат қиладиган давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган. У минтақада ҳукмронлик ўрнатиш ёки ҳудудларни кенгайтириш мақсади йўқлигини айтган, бироқ миллий хавфсизлик учун ҳарбий салоҳиятни ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Жанубий Кореянинг Бирлашиш вазирлиги маросимни Ким Чен Иннинг давлат раҳбари сифатидаги мавқеини ички ва халқаро миқёсда мустаҳкамлашга қаратилган қадам сифатида баҳолаган.

    Бошқа янгиликлар