АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Мисрда 3 400 йиллик қарғиш маросимларига оид папируслар топилди

Олимларнинг фикрича, бундай усулда бир вақтнинг ўзида кўплаб маросим буюмлари тайёрланган. Уларнинг ҳар бири маросим давомида йўқ қилинган.

'Мисрда 3 400 йиллик қарғиш маросимларига оид папируслар топилди'ning rasmi

Мисрдаги Тутмос III ибодатхонаси ҳудудидан қарғиш маросимларида фойдаланилган, тахминан 3 400 йиллик папирус парчалари топилди. Куйган ва ўткир буюм билан тешилган парчалар қадимги мисрликлар қуёш худоси Ра душмани ҳисобланган Апопга қарши маросимларни амалда бажарганини кўрсатади. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.

Археологлар Фива шаҳридаги ибодатхона ҳудудидан узунлиги тахминан 75 метр, эни эса 10–20 метр бўлган қадимий чиқинди уюмини аниқлаган. У ердан топилган ашёлар орасида 40 га яқин кичик папирус парчалари ҳам бўлган. Тадқиқотчилар уларнинг вазифасини расмлар, ёзувлар ва шикастланиш изларини ўрганиш орқали аниқлаган.

Қадимги мисрликлар қуёш худоси Ра ҳар кеча ерости оламида улкан илон — Апоп билан жанг қилишига ишонган. Апоп тартибсизлик ва вайронкорлик тимсоли ҳисобланган. Жрецлар Ра душманини енгиши ва қуёш эрталаб яна чиқиши учун махсус маросимлар ўтказган. Уларда илон тасвирига қарғишлар ёзилган, у пичоқ билан тешилган, оёқ ости қилинган ва ёқиб юборилган.

Топилган папируслардаги расмлар ва уларга ҳамроҳ ёзувлар қизил сиёҳда, варақнинг фақат бир томонига туширилган. Айрим парчаларда тўғри тўртбурчак шаклидаги қизил чизиқлар ҳам сақланиб қолган. Уларнинг жойлашуви расмлар алоҳида-алоҳида эмас, балки катта папирус варағида бир нечта бир хил қисмга бўлиб чизилганини кўрсатган. Кейин варақ майда бўлакларга кесилган.

Олимларнинг фикрича, бундай усулда бир вақтнинг ўзида кўплаб маросим буюмлари тайёрланган. Уларнинг ҳар бири маросим давомида йўқ қилинган. Папируслардаги тешилиш ва куйиш излари ҳам бу тахминни тасдиқлайди.

Тадқиқотчиларнинг билдиришича, дастлаб Апопга қарши қўлланилган бундай қарғиш маросимлари кейинчалик фиръавн душманлари, алоҳида шахсларнинг ёвуз ниятли рақиблари, касалликлар ва хавфли табиий ҳодисаларга қарши ҳам бажарилган. Топилмаларнинг сони ва ҳолати эса ушбу маросимлар қадимги Мисрда тез-тез ўтказилгани ва кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланганини кўрсатади.

    Бошқа янгиликлар