25 ноябрь куни АҚШ ҳарбийлари Айова штатидаги заводда 4,5 тонна қўрғошин азидини назорат остида портлатди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, портлаш натижасида кучли овоз эшитилган. Операция ўтказилган ҳудуд устида иккита оқ тутун булути пайдо бўлиб, тезда тарқалиб кетган. Ҳарбийлар журналистлар ва бошқа кузатувчиларни портлаш жойидан 6,4 километрдан яқинроқ масофага киритмаган.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг уйда қолиш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, айрим маҳаллий аҳоли вакиллари портлашни томоша қилиш учун кўчага чиққан.
Маълумот учун, 20 ноябрь куни АҚШ армияси Миддлтаун шаҳридаги заводда 68 бочка қўрғошин азидини бошқариладиган портлашлар орқали йўқ қилиш режасини эълон қилган.
Бироқ кимёвий моддаларни портлатиш натижасида атроф-муҳитга хавфли бирикмалар тарқалишидан хавотир олган экологик фаоллар судга мурожаат қилган. Шундан сўнг суд режани амалга оширишга вақтинчалик тақиқ қўйган.
Суд қарорига қарамай, 22 ноябрь куни АҚШ Адлия вазирлиги армия фавқулодда ваколатлар асосида утилизация ишларини ўтказиш ҳуқуқига эга эканини маълум қилган.
23 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп армиянинг режасини қўллаб-қувватлаган. Бироқ у апелляция суди экологик фаоллар даъвоси юзасидан қарор қабул қилгунича ва ноябрь ойи бошида сайланган, аммо ҳали лавозимига киришмаган губернатор Роб Сэнд қўрғошин азидини утилизация қилишни қўллаб-қувватламагунча ҳарбийларга операцияни бошламаслик ҳақида кўрсатма берган.
23 ноябрь куни кечқурун апелляция суди кимёвий моддаларни портлатишни режалаштиришда барча экологик талабларга риоя этилгани ҳақида қарор чиқарган. Сэнд эса АҚШ маъмуриятининг режасига қарши эмаслигини билдирган.






