Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни — Олмаота собиқ ҳокими Ахметжан Есимовнинг укаси Сейитжан Есимовга тегишли холдинг таркибидаги “JAN i KS” нефть компанияси бурғилаш чиқиндилари учун 3 млрд тенгедан ортиқ экологик жарима тўламоқда. Суд ижрочилари Атиров вилояти бюджетига аллақачон 490 млн тенгедан зиёд маблағ ўтказган. Бу ҳақда “Ulysmedia” хабар берди.
Атироқ вилояти прокуратураси маълум қилишича, қонунбузарлик табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан аниқланган. Қудуқларни бурғилаш чоғида компания бурғилаш шлами ва ишлатилган бурғилаш эритмасини ноқонуний равишда тўплаган.
Бурғилаш шлами — бурғилаш пайтида қудуқдан юқорига кўтариладиган майдаланган тоғ жинслари. Бурғилаш эритмаси эса ускунани совитиш ва тоғ жинсларини юзага олиб чиқиш учун қудуққа ҳайдалади. Ишлатилгандан сўнг ҳар икки турдаги чиқинди таркибида нефть маҳсулотлари ва кимёвий моддалар бўлиши мумкин. Шу сабабли улар махсус қоидалар асосида утилизация қилиниши шарт.
Компания Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 328-моддаси 6-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Ушбу модда атроф-муҳитга йўл қўйиладиган антропоген таъсир нормативларини бузганлик учун жазо белгилайди.
Компания судларда жарима юзасидан шикоят қилишга уринган, бироқ шикоятлар рад этилган ва қарор қонуний кучга кирган. Эндиликда жарима мажбурий тартибда ундирилмоқда. Қарзнинг қолган қисми — тахминан 2,5 млрд тенге прокуратура назоратида.
“JAN i KS” компанияси Атирау вилоятидаги “Прибрежное” конида нефть ва газ қазиб олади. Компания йўллар ва гидроиншоотлар қуриш, қурилиш материаллари ҳамда фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан шуғулланувчи Aytei Group холдинги таркибига киради. Холдинг директорлар кенгашига Сейитжан Есимов раҳбарлик қилади.
Сейитжан Есимов Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Ахметжан Есимовнинг укаси ҳисобланади. Ахметжан Есимов турли йилларда Олмаота ҳокими, қишлоқ хўжалиги вазири, “Астана ЭКСПО-2017” миллий компанияси раҳбари ва “Самрук-Қазина” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.






