АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ироқдаги савдо марказида ёнғин: бир киши ҳалок бўлди

Унинг билдиришича, бино қурилишида тез ёнувчан сендвич-панеллар ва девор қопламаларидан фойдаланилган.

'Ироқдаги савдо марказида ёнғин: бир киши ҳалок бўлди'ning rasmi

25 ноябрь куни Ироқ пойтахти Бағдоднинг шимолидаги Козимия ҳудудида жойлашган “Jawharat Baghdad” савдо марказида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Бино ичида қолиб кетган 40 нафар фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда Ироқ Фуқаро мудофааси бошқармасига таяниб, “Shafaq News” хабар берди.

Қайд этилишича, аҳволи оғир бўлган уч нафар жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётганда улардан бири йўлда вафот этган. Ёнғинни ўчириш ишларига 15 та ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган.

Олов савдо марказининг иккинчи ва учинчи қаватларида тарқалган. Иккинчи қаватда ресторан, учинчи қаватда эса кийим-кечак дўконлари жойлашган. Қутқарувчилар ёнғинни тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлган.

Ёнғин сабабларини аниқлаш учун расмий текширув бошланган. Ҳодиса жойига суд-криминалистика эксперти жалб қилиниб, техник кўрик ва зарур намуналарни олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фуқаро мудофааси бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Нуас Сабоҳнинг айтишича, савдо маркази 2025 йилдан буён хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли суд органларига оширилган.

    Бошқа янгиликлар