Бразилиянинг жанубидаги Тупансирета шаҳрида содир бўлган кучли бўрон оқибатида қарийб 20 минг киши уйини тарк этишга мажбур бўлди. Табиий офат камида беш кишининг ҳаётига зомин бўлган, 265 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, бўрон шаҳардаги турар жой биноларининг 93 фоизига зарар етказган ёки уларни вайрон қилган. Тахминан 8 мингта уйнинг томи шикастланган ёки бутунлай учиб кетган.
Табиий офат электр энергияси ва сув таъминотида жиддий узилишларга сабаб бўлган. Касалхонага етказилган зарар туфайли беморлар қўшни ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига кўчирилган. Мактаблар, қариялар уйлари ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам зарар кўрган.
Халқаро миграция ташкилоти вазиятни баҳолаш ва фавқулодда қутқарув ишларига кўмаклашиш учун шаҳарга мутахассисларини юборган. Ташкилот бошпаналарни бошқариш, гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш ва зарур воситаларни тарқатишда Бразилия ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда.
Ташкилотга кўра, ҳозирги энг муҳим вазифа аҳолини хавфсиз бошпана билан таъминлаш ва зарур хизматларни тиклашдан иборат.






