АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Туркия ва Исроил клублари ўртасидаги ўйинда тартибсизликлар юз берди

Шунингдек, клуб воқеалар оқибатида жабрланган мухлисларига тезроқ соғайиб кетишларини тилаган.

'Туркия ва Исроил клублари ўртасидаги ўйинда тартибсизликлар юз берди'ning rasmi

Туркиянинг “Бешиктош” ва Исроилнинг “Хапоэль” клублари ўртасида Грузиянинг Батуми шаҳрида ўтказилган футбол учрашувида тартибсизликлар юз берди. Ҳодиса оқибатида ўйин 35 дақиқага тўхтатилди. Грузия полицияси мухлисларга нисбатан кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Учрашув олдидан Туркия футболчилари исроиллик рақиблари билан қўл бериб кўришишдан бош тортди. “Бешиктош” мухлисларидан бири трибунада Фаластин байроғини кўтарди. Хавфсизлик хизмати ходимлари байроқни олиб қўйишга уринганида, бошқа мухлислар бунга қаршилик кўрсатди. Натижада жанжал келиб чиқди.

Ўйиннинг 21-дақиқасида трибуналарда яна тартибсизликлар бошланди. Грузия полицияси кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Бунга жавобан “Бешиктош” мухлислари ўриндиқларни суғуриб олиб, полиция ходимларига қарата улоқтирди.

35 дақиқалик танаффусдан сўнг учрашув давом эттирилди. Ўйин “Бешиктош”нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

“Бешиктош” клуби полиция ходимларининг мухлисларга нисбатан куч ишлатганини қоралади.

“Биз UEFA Европа лигаси доирасида Грузиянинг Батуми шаҳрида “Хапоэль”га қарши ўтказилган асосий жамоамиз ўйинидан олдин ва ўйин давомида мухлисларимизга нисбатан куч ишлатган хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳаракатларини қатъий қоралаймиз”, — дейилади клуб баёнотида.

Шунингдек, клуб воқеалар оқибатида жабрланган мухлисларига тезроқ соғайиб кетишларини тилаган.

Туркиянинг “Фенербахче”, “Трабзонспор”, “Галатасарой” ва яна учта клуби “Бешиктош”га ҳамдардлик билдирган. Улар турк жамоаси Европа майдонида мамлакат шарафини ҳимоя қилаётганини таъкидлаб, ўйин давомида Туркия фуқароларига нисбатан “ҳаддан ташқари куч” қўлланганини қоралаган.

“Бешиктош” ва “Хапоэль” ўртасидаги Европа лигаси учрашуви дастлаб Истанбулда ўтказилиши керак эди. Бироқ Туркия расмийлари исроиллик футболчилар хавфсизлигини таъминлай олмаслигини маълум қилганидан сўнг, UEFA ўйинни Батумига кўчирган.

    Бошқа янгиликлар