АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Тошкентда икки ноқонуний колл-марказ аниқланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тошкентда икки ноқонуний колл-марказ аниқланди'ning rasmi

"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбири доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахтда ноқонуний ташкил этилган икки колл-марказ фаолиятини фош қилди.

Маълум қилинишича, марказлар Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган. Тезкор тадбир давомида жами 122 нафар чет эл фуқароси аниқланган.

Улардан 18,5 минг АҚШ доллари, 116,5 миллион сўм, 67 та ноутбук, 569 та мобил телефон, олтита Wi-Fi қурилмаси, учта сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, бешта компьютер, учта планшет ҳамда хорижий давлатлар мобил операторларига тегишли 1000 дан ортиқ SIM-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Тезкор маълумотларга кўра, мазкур шахслар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида оммалашган онлайн-платформалар орқали фирибгарлик схемаларини амалга оширган. Шунингдек, вирусли ҳаволалар юбориш орқали хорижий давлатлар фуқароларининг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.

Бундан ташқари, улар томонидан жами 64 895 USDT миқдоридаги криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси амалга оширилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар