Президент таъкидлашича, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йилда 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилган. Ташаббусни 80 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлаган.
Мурожаатда туризмнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ортиб бораётгани қайд этилди. 2025 йилда туризмнинг глобал ялпи ички маҳсулотдаги улуши 11,6 триллион долларни ёки 9,8 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистонда ҳам туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айланган. 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида мамлакатга 11,6 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг бутун давридаги натижага тенг. Туристик хизматлар экспорти эса 1,5 баробар ўсиб, 6 миллиард долларга етган.
Мамлакатда 7600 та меҳмонхона ва шу турдаги объектлар фаолият юритмоқда. 50 дан зиёд халқаро меҳмонхона бренди Ўзбекистон бозорида ишламоқда. Шунингдек, 54 та давлат билан ҳаво қатновлари бўйича келишувларга эришилган, 33 та давлатнинг 102 та шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган.
Сўнгги беш йилда соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 50 дан зиёд имтиёз жорий этилган. Бу чоралар туризм ва унга боғлиқ хизматлар орқали қарийб бир миллион кишини иш билан таъминлашга хизмат қилган.
Ўзбекистон 2030 йилгача хорижлик сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга, туристик хизматлар экспортини 10 миллиард долларга, соҳада банд аҳоли сонини 2 миллион нафарга етказишни мақсад қилган. Шунингдек, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга ошириш режалаштирилган.
Президент сайёҳлик хизматларини диверсификация қилиш, ишбилармонлик, саргузашт ва экстремал, агро, этно, тиббиёт ҳамда гастрономия туризмини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган. Тарихий шаҳарлардаги маданий мерос объектларига тушадиган юкни камайтириш учун янги туристик мажмуалар, туризм қишлоқлари ва маҳаллалари ташкил этилмоқда. Бундай масканлар ҳозир 57 та, 2030 йилгача уларни 140 тага етказиш режалаштирилган.
Мурожаатда 2027 йилда туризмнинг барқарорлиги ва инқирозларга чидамлилигини ошириш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилган. Президент, шунингдек, туризм орқали миллий қадриятлар ва этномаданиятни асраб, уларни жаҳонга намоён этишни таклиф қилган.
Шавкат Мирзиёев 2027 йилдаги тадбирлар билан чекланиб қолмасдан, кейинги беш йилга мўлжалланган глобал ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган. Унинг сўзларига кўра, дастур “БМТ Туризм” ташкилоти етакчилигида давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор имкониятларини бирлаштириши керак.






