АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Жанубий Корея Олий суди Юн Сок Ёлнинг ёлғон кўрсатма бериш иши бўйича оқловини ўз кучида қолдирди

Маълум қилинишича, Юн Сок Ёл 2024 йил 3 декабрда мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ суд жараёнида собиқ бош вазир Хан Док Сунинг иши бўйича ёлғон кўрсатма берганликда айбланган.

'Жанубий Корея Олий суди Юн Сок Ёлнинг ёлғон кўрсатма бериш иши бўйича оқловини ўз кучида қолдирди'ning rasmi

Жанубий Корея Олий суди собиқ президент Юн Сок Ёлнинг ёлғон кўрсатма бериш айблови бўйича оқлангани ҳақидаги суд қарорини ўз кучида қолдирди. Бу унинг оқлови якуний тасдиқланган илк иши бўлди. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.

Маълум қилинишича, Юн Сок Ёл 2024 йил 3 декабрда мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ суд жараёнида собиқ бош вазир Хан Док Сунинг иши бўйича ёлғон кўрсатма берганликда айбланган.

Махсус тергов гуруҳи собиқ президент ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги қарордан олдин Вазирлар маҳкамаси йиғилишини ўтказишни режалаштиргани ҳақида ёлғон маълумот берганини таъкидлаган. Айбловга кўра, Юн дастлаб расмий йиғилиш ўтказишни режалаштирмай, олти нафар вазирни чақирган. Кейин эса Хан Док Сунинг таклифи билан ҳарбий ҳолатни қонунийлаштириш учун зарур кворумни таъминлаш мақсадида бошқа вазирларни ҳам таклиф қилган.

Бироқ апелляция суди сентябрь ойида қуйи суднинг оқлов ҳукмини ўз кучида қолдирган. Суд Вазирлар маҳкамаси йиғилишидаги ғайриоддий ҳолатларнинг ўзи Юн Сок Ёлни айбдор деб топиш учун етарли эмаслигини билдирган.

Олий суд ҳам апелляция инстанцияси қарорини ўзгартириш учун асос топмаган. Суднинг таъкидлашича, айбловни тасдиқлаш учун етарли далиллар бўлиши шарт. Бундай далиллар мавжуд бўлмаса, гумонлар бўлишига қарамай, судланувчи фойдасига қарор чиқарилиши лозим.

Маълумот учун, Жанубий Корея Олий суди жорий йил июль ойида Юн Сок Ёлга нисбатан терговчиларнинг уни ҳибсга олишига тўсқинлик қилгани учун тайинланган етти йиллик қамоқ жазосини ҳам ўз кучида қолдирган.

Шунингдек, жорий йил февраль ойида қуйи суд собиқ президентни қисқа муддатли ҳарбий ҳолат эълон қилиш орқали исёнга бошчилик қилганликда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Ҳозирда ушбу иш апелляция судида кўриб чиқилмоқда.

    Бошқа янгиликлар