Ўзбекистонда икки ой давомида ўтказилган "Тозалик ва озодалик" тадбирлари доирасида 9,3 мингта маҳалла ҳудуди чиқиндилардан тозаланди. Жараёнларга 9,5 минг нафардан ортиқ ходим ва 3,2 мингдан зиёд махсус техника жалб этилди.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республика бўйлаб "Тозалик ва озодалик" тадбирлари ўтказилган.
Тадбирларни ташкил этиш мақсадида агентликда республика ишчи штаби тузилган. Санитария-тозалаш корхоналари томонидан маҳаллалар ва аҳоли яшаш жойлари қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланган.
Икки ой давомида тозалаш ишларига 102 та санитария-тозалаш корхонаси, 9,5 минг нафардан ортиқ ходим ҳамда 3,2 мингдан зиёд махсус техника жалб этилган.
Тадбирлар доирасида республика бўйлаб 9,3 мингта маҳалла ҳудуди тозаланиб, жами 2 миллион 554 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 2027 йилдан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун ойлик тўловни киши бошига 8 400 сўмдан 11 200 сўмгача ошириш таклиф этилаётгани ҳақида хабар берилганди. Янги тарифлар лойиҳаси шаҳар кенгашининг доимий комиссияси томонидан маъқулланган.






