АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда янги алифбога ўтиш тартиби белгиланмоқда

Ҳужжат 2026 йил 21 октябрда қабул қилинган ЎРҚ–1184-сон қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

'Ўзбекистонда янги алифбога ўтиш тартиби белгиланмоқда'ning rasmi

Ўзбекистонда 2027 йил 22 апрелдан лотин ёзувига асосланган такомиллаштирилган ўзбек алифбосини жорий этиш режалаштирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасида паспортлар, ID-карталар, ҳайдовчилик гувоҳномалари, расмий ҳужжатлар ва оммавий ахборот воситаларини янги алифбога ўтказиш тартиби белгиланган.

"Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжат 2026 йил 21 октябрда қабул қилинган ЎРҚ–1184-сон қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Алифбодаги қайси ҳарфлар ўзгаради?

Қонунга мувофиқ, такомиллаштирилган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Ундаги тўртта ҳарфнинг ёзилиш шакли ўзгаради. Шунингдек, "Ng"ҳарф бирикмаси алифбодан алоҳида бирлик сифатида чиқарилади.

Паспорт ва бошқа ҳужжатлар алмаштириладими?

Қарор лойиҳасига кўра, қонун кучга кирганидан бошлаб фуқароларнинг ID-карталари, хорижга чиқиш биометрик паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилларнинг техник паспортлари ва кадастр ҳужжатларини такомиллаштирилган алифбода расмийлаштириш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги алифбода тайёрланган ҳужжат бланкаларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилиши назарда тутилган.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларининг хизмат гувоҳномалари белгиланган муддатларда алмаштирилганда янги алифбода расмийлаштирилади.

Аввал берилган ҳужжатлар эса ўз юридик кучини сақлаб қолади. Уларни алифбодаги ўзгаришлар сабабли мажбурий алмаштириш талаб этилмайди.

Миллий валюта ва қимматли қоғозлар ҳам муомалада қолади.

Исм ва фамилиялар ўзгариши муаммо туғдирмайдими?

Қарор лойиҳасида фуқароларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми аввалги ёки такомиллаштирилган алифбода ёзилгани сабабли уларни идентификация қилишни рад этиш, ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашда тўсқинлик қилиш, давлат хизматларидан фойдаланишни рад этиш ёки ҳужжатларни қабул қилмасликка йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, бошқа тиллардаги матнлар, хорижий шахслар ва ташкилотларнинг номлари, товар белгилари, фирма номлари, библиографик иқтибослар, тарихий ҳужжатлар ва архив материаллари асл шаклида сақланиши мумкин.

Домен номлари, электрон почта манзиллари, фойдаланувчи номлари, логинлар, ҳисобварақ ва шартнома рақамлари ҳамда бошқа техник идентификаторлар мажбурий равишда алмаштирилмайди ва қайта рўйхатдан ўтказилмайди.

ОАВ ва нашриётлар янги алифбога ўтади

Лойиҳага мувофиқ, қонун кучга кирган санадан бошлаб ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари материаллари ҳамда матбаа-ноширлик маҳсулотларини фақат такомиллаштирилган алифбода тайёрлаш ва чоп этиш таклиф этилмоқда.

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларнинг ҳужжатлари, расмий ёзишмалари ва ахборотлари ҳам янги алифбода расмийлаштирилади.

Умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар эса белгиланган даврийлик асосида босқичма-босқич қайта нашр этилади ва амалиётга жорий қилинади.

Қонун кучга киргунига қадар давлат органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа манфаатдор субъектларга янги алифбода иш юритишни бошлаш тавсия этилмоқда.

Ташкилотлар бир ойда йўл харитасини ишлаб чиқади

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бир ой муддатда янги алифбони жорий этиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда.

Йўл хариталарида ўзгаришларни жорий этиш механизмлари, аниқ муддатлар, молиялаштириш манбалари ва масъул ижрочилар белгиланади.

Вазифалар ижроси давлат органларининг йиғилишларида ҳар ойда камида бир марта муҳокама қилиб борилади.

Янги алифбога ўтиш қандай молиялаштирилади?

Қарор ижроси билан боғлиқ харажатларни 2027 йилда республика бюджетидан тегишли вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштириш назарда тутилмоқда.

2028 йилдан бошлаб эса ушбу харажатлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.

Вазирлик, идора ва ташкилотлар бюджетдан ажратилган маблағлар, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳам алифбодаги ўзгаришларни жорий этиш учун зарур маблағларни ажратади.

Қарор ижроси учун раҳбарлар шахсан жавобгар бўлади

Чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга масъул ташкилотлар ўз вазифаларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаши ҳамда ҳар чорак якунида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиши белгиланмоқда.

Ташкилот раҳбарлари қарор ижросини самарали ташкил этиш учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилмоқда.

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти зиммасига юкланиши назарда тутилган.

Қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 6 декабрга қадар давом этади. Ундаги тартиб ва муддатлар якуний ҳужжатда ўзгариши мумкин.

    Бошқа янгиликлар