Андижон вилоятининг Балиқчи туманида жойлашган савдо дўконида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида дўконнинг шифт ва том қисми зарарланган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 27 ноябрь куни соат 21:53 да 112 тизими орқали Балиқчи тумани «Чинобод» маҳалла фуқаролар йиғини, Чашма кўчасидаги савдо дўконида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ёнғин-қутқарув экипажлари ҳодиса жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғинни тезкорлик билан бартараф этган.
Ёнғин оқибатида савдо дўконининг шифт ва том қисми ёниб, зарарланган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.






