Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ идораси ходими қўлга олинди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг 38 ёшли ходими Нурафшон шаҳридаги 3,5 гектар ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган цехни юридик шахсдан харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Шунингдек, у ушбу ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш учун 34 та давлат идорасидан рухсатнома олиб беришини билдирган. Бу хизматлари эвазига 1 млн 50 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.
Солиқчи Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида харидор билан учрашган. У олдиндан 40 минг доллар олган вақтида тезкор тадбирда қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан солиқ ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.






