АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилганларга солиқ ва кредит имтиёзлари берилиши мумкин

Қонунда зарур ҳолларда фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа мол-мулкидан Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фойдаланиш имконияти ҳам белгиланган.

'Сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилганларга солиқ ва кредит имтиёзлари берилиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистонда сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этиш, кредит тўловларини кечиктириш ҳамда уларнинг иш жойини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда. Бу "Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида"ги қонунда белгиланган.

Сенатнинг 21-ялпи мажлисида ушбу қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун мамлакатни эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга олдиндан тайёрлаш, Қуролли Кучларни зарур ресурслар билан таъминлаш, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда давлат ва жамиятнинг барқарор фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Ҳужжатга кўра, сафарбарлик эълон қилинган тақдирда қонунда белгиланган тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бунда уларнинг соғлиғи, оилавий шароити ва қарамоғидаги шахслар билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олинади. Айрим фуқаролар учун чақирувни кечиктириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, ҳарбий хизматга чақирилган ишловчи фуқароларнинг иш жойи сақлаб қолинади. Улар сафарбарлик даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилиши, кредит тўловлари муддатлари эса кечиктирилиши мумкин.

Қонунда зарур ҳолларда фуқаролар ва ташкилотларнинг транспорт воситалари, бинолари, иншоотлари ҳамда бошқа мол-мулкидан Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун фойдаланиш имконияти ҳам белгиланган. Бунда мол-мулкни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилаши назарда тутилган.

Ҳужжатда аҳолини зарур маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган чоралар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва бошқа муҳим ресурслар захирасини шакллантириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини сафарбарлик шароитида ишлашга тайёрлаш, тиббий хизматлар ва муҳим инфратузилманинг барқарор фаолиятини таъминлаш белгиланган.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг асосий мақсади хавфсизликка таҳдид юзага келган тақдирда давлатнинг мудофаа салоҳиятини таъминлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари барқарорлигини сақлаш ва аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга тайёр бўлишдан иборат.

Маълумот учун, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг 13 майдаги мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган. Сенат томонидан маъқулланган ҳужжатнинг кучга кириши учун унинг кейинги ҳуқуқий расмийлаштириш босқичлари якунланиши лозим.

    Бошқа янгиликлар