АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда қурилаётган уйларни реклама қилиш чекланади

Энди улуш киритиш асосида қурилаётган уйларни фақат лойиҳа декларацияси ягона ахборот тизимига жойлаштирилганидан кейин реклама қилиш мумкин бўлади. Янги талаб қурувчилардан ташқари санъаткорлар ва блогерларга ҳам тааллуқли.

'Ўзбекистонда қурилаётган уйларни реклама қилиш чекланади'ning rasmi

Ўзбекистонда улуш киритиш асосида қурилаётган кўп квартирали уйларни реклама қилиш тартиби ўзгартирилмоқда. Янги қоидаларга кўра, бундай уйлар фақат лойиҳа декларацияси ягона ахборот тизимига жойлаштирилганидан кейин реклама қилиниши мумкин. Талаб нафақат қурувчилар, балки санъаткорлар ва блогерларга ҳам тааллуқли бўлади. Бу ҳақда Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси маълум қилди.

Қўмитага кўра, ҳозирда фуқаролар кўпинча янги уйлар ҳақида фақат реклама орқали маълумот олади. Бироқ қурувчи, ер эгаси, қурилиш рухсатномаси ва объектни фойдаланишга топшириш муддатлари ҳақида ишончли маълумот олиш имконияти чекланган. Оқибатда айрим қурилишлар тўхтаб қолиб, харидорлар ҳам уйсиз, ҳам тўлаган маблағисиз қолиши мумкин.

Муаммонинг олдини олиш мақсадида қўмита «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. Унга мувофиқ, лойиҳа декларацияси ягона ахборот тизимига киритилмаган уйларни реклама қилиш тақиқланади.

Мазкур қонун лойиҳаси 10 ноябрь куни Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, Сенатга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025 йил 1 июлдан бошлаб фуқаролар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилмоқда. Ҳозирда ҳам харидорлар уй-жой сотиб олишда ушбу тизимдан фойдаланиши мумкин.

Аввалроқ фойдаланишга топширилмаган уйларга одамларнинг кўчиб киришига йўл қўйган масъуллар учун жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар берилганди. Тегишли қонун 27 ноябрь куни Сенат томонидан маъқулланган.

    Бошқа янгиликлар