АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Зеленский Қрим кўпригини бутунлай вайрон қилишга буйруқ берди

Украина ҳарбийлари кейинги кечаси ҳам кўприкка зарба берган.

'Зеленский Қрим кўпригини бутунлай вайрон қилишга буйруқ берди'ning rasmi

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбий қўмондонларга Россияни Қрим билан боғловчи Қрим кўпригини бутунлай ишдан чиқариш вазифасини қўйган. Киев янги зарбаларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри Киевдаги расмийларга таяниб хабар берди.

Нашрнинг ҳарбий манбаларига кўра, Зеленский кўприкнинг қолган қисмини ҳам вайрон қилишни мақсад қилган. Шу мақсадда янги ҳужумлар режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Украина дронлари ва қанотли ракеталари Қрим кўпригига ҳужум қилган эди. Зарба оқибатида автомобиль йўлининг бир қисми ва уни ушлаб турувчи таянч арка Керч бўғозига қулаб тушган. Бу Россиянинг Қримдаги қўшинларини таъминлаш имкониятини сезиларли даражада чеклаган.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, мамлакатда ишлаб чиқарилган “Нептун” ракеталари кўприкнинг темирйўл қисмини ҳам жиддий шикастлаган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг жума куни эълон қилинган ҳисоботида кўприкнинг автомобиль йўли ҳаракатланиш учун яроқсиз ҳолга келгани, бироқ темирйўлнинг битта йўли ҳали ҳам ишлаётган бўлиши мумкинлиги айтилган.

“The Telegraph” нашри ёзишича, кўприкка қилинган ҳужум етти босқичли операция доирасида амалга оширилган. Унда 11 хил қурол тизимидан фойдаланилган. Дастлаб Россия мудофааси заифлаштирилган, шундан кейин кўприкнинг ўзига зарба берилган.

Операцияга “Нептун” ракеталари ҳам жалб қилинган. Ҳарбийлар уларни Украинанинг жанубий соҳилидаги олдиндан тайёрланган позициялардан учирган. Операцияда қатнашган манбанинг айтишича, ракеталар кўприкнинг темирйўл қисмини нишонга олган.

Украина ҳарбийлари кейинги кечаси ҳам кўприкка зарба берган. Шундан сўнг унинг темирйўл қисми заифлашган.

Операция режалаштирувчиларидан бири ҳужум натижалари маълум бўлган пайтда ҳарбийлар бироз пиво ичганини айтган.

    Бошқа янгиликлар