Андижон вилоятида жаримадан норози бўлиб, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг электрон мурожаатлар тизимига ҳақоратли изоҳ қолдирган икки фуқаро 5 суткадан маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳайдовчилардан бири 19 ноябрь куни Хўжаобод туманида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатлангани учун жаримага тортилган. У эса бундан норози бўлиб, шикоятлар бўлимига ҳақоратли сўзлар ёзган.
Иккинчи фуқаро тезликни оширгани учун жарима олгач, электрон мурожаатлар тизимида ҳақоратли изоҳ қолдирган.
Ҳар икки ҳолат ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Суд қарори билан уларнинг ҳар бири 5 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.






