Қишнинг совуқ кунларида баъзида юз, қўл, тананинг турли ерларига тошмалар, шишлар чиқади — яъни аллергия пайдо бўлади. Чунки бу вақтда организмдаги иммунитет тизими бироз сустлашади. Аллергия шунингдек, совуқ таом, совуқ ичимликлар ичганда, совуқ сувда чўмилганда юзага келиши мумкин. Тиббиётда бу тошмалар қаварчиқ дейилса, қадимда улар эшакеми деб юритилган. Ана шу мавзуда таҳририятга келиб тушган саволларга жавоб қайтирш мақсадида Республика илмий-ихтисослашган аллергология маркази олий тоифали шифокори,
Аллерголог Қутбиддин Низомовга мурожаат қилдик
Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан баъзи инсонларда тез-тез акса уриш, лабнинг қуриши, кўкариши, кўзнинг тинмай ёшланиши, тошмалар тошиб қичишиши каби ҳоллар кузатилади. Бу фақат совуқ қотишдан эмас, асабийлашиш, ошқозон-ичакдаги бузилиш ва шу каби жуда кўплаб ҳолатларда юзага келиши мумкин. Бундай инсонлар иссиқ жойга киришлари билан совуқда пайдо бўлган ғайритабиий тошмалар камаяди.
Қон анализи таҳлил қилинганда, эозинофиллар миқдори шу билан бирга иммуноглобулин Е миқдори қисман ошиши кузатилади.
СИНАБ КЎРИШ МУМКИН!
Қўлингизнинг билак қисмига муз бўлакчасини ёки сув солиб музлаткичга қўйилган шиша идишчани қўйиб, 5-10 дақиқа ушлаб туринг. Агар шу вақт давомида билагингизда қаварчиқ пайдо бўлса, қичишиш, қизариш ёки ачишишни сезсангиз, демак сизда совуқдан аллергияга мойиллик бўлиши мумкин.
Эҳтиёт бўлинг!
ЭСЛАТМА!
Аллергия қайтгач, кундаликда тайёрланадиган ҳар қандай таомни меъёрида ейиш мумкин. Аллергиянинг ҳар қандай кўринишида ўзингизча бирор бир дори воситасини ичишга шошилманг. Шунингдек аллергияга мойиллиги бўлган инсонларга “Аналгин”, “Аспирин”, “Цитрамон”, “Тримол”, “Баралгин”, “Пенцилин” гуруҳи антибиотиклари, Сульфаниламид препаратлари (“Бисептол”, “Тисептол”, “Грасептол”, “Бактериум” суспензияси ва бошқалар), “В” витамини мумкин эмас. Ушбу дори воситалари шифокор тавсиясисиз қабул қилинса, аллергиянинг ўта хавфли турлари юзага келиши мумкин. Имкон қадар аллерголог мутахассисга мурожаат қилиб, унинг маслаҳатлари асосида даволанинг. Ушбу дориларни ўз билганча қабул қилиш, дори истеъмолидан юзага келувчи иккиламчи оғир аллергик (Токсикодермия, Квинке шишлари ва ҳатто Анафилактик шок сингари) хасталиклар юзага келиши мумкин.
Умида Якубова тайёрлади






