140 дан ортиқ чет эллик олимлар, экспертлар, дипломатлар, 40 дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари, шу билан бирга 50 дан ортиқ фан вакиллари ва чет эл ОАВлари иштирок этаётган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида икки кунлик халқаро илмий-маданий конгресс иш бошлагани ҳақида хабар бергандик.
Россия фанлар академиясининг Буюк Пётр (Кунсткамера) номли антропология ва этнография музейи директор ўринбосари, тарих фанлари номзоди Юлия Купина конгресс ҳақида ўз-фикр мулоҳазасини билдирди:
“Ўзбекистонга келиш имконияти туғилганидан мамнунман, чунки бу ердаги дўстона муҳит ва одамлар жуда ҳам ёқди. Конгрессдан кўп нарсани кутяпман. Ёдгорликларга бой Самарқандни кўришни, бозорларни айланишни, музейларни томоша қилишни хоҳлаяпман. Биз турли миллат ва давлатларнинг маданиятларини ўрганиш билан шуғулланамиз. Бошқа мамлакат мутахассислари билан ҳамкорлигимиз мулоқот тарзида амалга ошади. Конгрессда кўпчилик бўлиб Ўзбекистон ҳақида суҳбатлашиш имкони пайдо бўлди. Катта байрам арафасида ҳамма нарсага улгуришга, ҳар бир суҳбатни тинглашга, ўз фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашишга шошиляпман. Биз музейимиз, лойиҳаларимиз ва коллекциямиз тақдимотини ўтказамиз. Бу ерга йиғилишимиздан асосий мақсад минбардан туриб, тақдимот ўтказиш эмас, балки ҳамкасбларимиз билан юзма-юз мулоқот қилишдир”.






