“Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро илмий-маданий конгресси иштирокчилари тадбир ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Мухбиримиз “Санъат ассосиацияси ва Темурийлар тарихи” таъсисчи ҳамкори ва президенти, “Темурийлар” журнали бош муҳаррири, “Афросиёб рассомлик санъатини сақлаш” ассосиацияси вице-президенти Фредерик Бопертюи-Брессан билан суҳбатлашди:
- Мазкур конгрессни ўтказиш, шу билан бирга “Ўзбекистон маданий меросларининг дунё музейларида сақланиши” лойиҳасини амалга ошириш жуда ажойиб ғоядир. Мен Темурийлар тарихини ўрганувчи мутахассисман, вазифам дунёдаги барча музейлардан Темурийлар даврига оид маълумотларни излаш ва тўплашдан иборатдир. Бу вазифани амалга оширишни игна билан қудуқ қазишга қиёслайман, шунинг учун Ўзбекистон тарихига тегишли дунёнинг барча музейларида сақланувчи артефактларни битта лойиҳада намойиш этиш ташаббуси қалбимни қувончга тўлдирди. Бу нарса ўз навбатида мамлакатнинг бой маданиятини намойиш қилиш имконини беради. Ахир Ўзбекистонга келмаган одамлар мамлакат ҳақида етарли маълумотга эга эмас.
Ҳатто, Ўзбекистонга бир неча кунга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам унинг барча маданий меросини, тарихий ёдгорликларини томоша қилишга улгурмайди. Мазкур китоб-альбомлар ёрдамида Ўзбекистон маданияти ва тарихини кўриш ва тасаввур қилиш имконияти туғилади. Мен ўз нутқимда яна бир марта шу фикрни таъкидлайман — китоблар мамлакат маданиятини ривожлантиришда энг асосий қурол вазифасини ўтайди. Айниқса, улар ўсиб келаётган ёш авлод учун жуда зарурдир. Мен санъатшунос сифатида Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид 300 дан ортиқ илмий-анжуманлар ўтказганман. Бугун эса олимлар, тарихчилар, санъатшуносларнинг Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши ортганлигининг гувоҳи бўлиб турибман. Бу албатта, қувонарли ҳолдир.
Бундан бир неча кун илгари “Ульт хая” газетасида “Самарқанднинг мовий олтини” номли мақола чоп этилди. Мен ёзган китобда эса Самарқанд нимаси билан одамларни ўзига жалб этиши ҳақида маълумотлар келтирилган. Ўзбекистонга, қисман Самарқандга ташриф буюриш истагида бўлган жуда кўп одамларни биламан. Ўзим ҳам қуёшли юртга келишни жуда яхши кўраман, Ўзбекистон юрагимга яқин мамлакат, мен бу ерда ўзимни худди уйимда юргандек ҳис қиламан”.






