Бундан бир неча кун аввал хонанда Баҳром Назаровнинг мухлисларга манзур бўлган тароналаридан бири “Наҳотки”га ишланган клипи аслида ўғирланган бўлиб чиққани ҳақида сайтимизда хабар бергандик.
Маълум бўлишича, “Наҳотки” клипининг ғояси турк хонандаси Mustafa Ceceli`нинг Illede ask клипидан ўғирланган.
Мазкуз вазият юзасидан хонанда Баҳром Назаров, клипнинг ғоя муаллифи Анвар Ҳайдаров ҳамда режиссёри Суннат Намозовлар ўзи фикрларини билдиришди:
Анвар Ҳайдаров (ғоя муаллифи):
—Кимнингдир айбини айтиш, уни кўрсатиш осон иш, кимгадир шу клип ғоясидан фойдаланганимиз маълум бўлибди-ю, аммо клипни бирга бир кўчирмаганимиз, ўзимиздан ҳам фикр қўшганимиз маълум бўлмапти. Ғоя мендан чиққан эди, аммо бугунги кунда иккала клипни таққослаётганлар фақатгина айнан кўчирилган кадрлар билан мақтанишмоқда. Аслида “Истиқлол” саройидаги кадрнинг ўзига бир кундан ортиқ вақтимиз кетган, уни ҳеч ким ҳисобга олмаяпти. Клип режиссёри Суннат Номозовда “Наҳотки” қўшиғининг клипи учун ғоялар кўп эди, бироқ шу ғоя яхши эканлигини қайта-қайта такрорлаб, кўчирма вариантни ўтказишга охиригача курашдим. Сабаби бу ғоя мухлисларимизга тезроқ етиб боришига, улар тез қабул қилишига ишондим. Тўғриси ўша клипни биринчи марта кўрганимдаёқ менга жуда ҳам ёқди, шу клипни мухлисларимизга ҳам илинмоқчи бўлдим, клип ғояси яхшиликка хизмат қилгани учун ҳам шуни илгари сурган эдим. Бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан бунёд бўлиб қолмайди, қайсидир ижодий маҳсулот, бошқа бир ижодий маҳсулотга қиёсан дунё юзини кўради. Бу орқали кимнингдир ишига қўшимча иш қўшиб, кимгадир ортиқча ташвиш ортирган бўлсак узр сўрайман.
Суннат Намозов (клип режиссёри):
—“Наҳотки” клипи хонанда Баҳром Назаров билан ижодий ҳамкорликдаги учинчи видео клип ҳисобланади. Хонанда Баҳром Назаровнинг мазкур қўшиғи ўзимга ҳам жуда ёққанлиги сабабли, унга 3-4 та оргинал, такрорланмас ғоя ўйлаган эдим. Аммо Анвар Ҳайдаров ушбу ғоя билан қўшиқ янада тезроқ мухлисларга етиб бориши ҳақидаги фикрлари ижодий жамоани фикрини ўзгартирди. Клип бирга бир қилиб, 100% кўчирилмади, менимча буни иккала клипни ҳам кўрган мухлисларимиз яхши билишаётган бўлишса керак.
Баҳром Назаров, хонанда:
—“Наҳотки” қўшиғимизнинг клипига жуда кўп ғоялар ўйланди. Ўшалар орасида Анвар Ҳайдаровнинг ғояси ижодий жамоамизга ҳам, менга ҳам бирдек маъқул бўлди. Шунга ўхшаш ғоя бошқа бир хонандада ҳам борлигини айтганида, унда ўша ғояга ёндош ғоя излаб топишларини, қиёсан олишларини сўраган эдим. Клипни бирга бир кўчир деган фикр ҳеч қачон бўлмаган. Ҳақиқатдан ҳам суратга олиш ишлари бошланганида, тасвирга олиш ишларининг тенг ярми “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтди. Клип режиссёри талаб қилган барча нарсани унга ҳозирлаб бердик. Тан олиш керак, гарчанд Мустафа Чечелининг клипи бошқа ғояга, бизнинг қўшиғимиз умуман бошқа ғояга хизмат қилсада, ҳақиқаттан ҳам унинг клипига ўхшаб қолибди. Ҳозир “ҳамма ўз ишини қилиши керак эди, бу ерда ғоя муаллифи ёки режиссёр айбдор, мен фақат қўшиғимга жавоб бераман”, десам ҳам инсофдан бўлмайди. Демакки, бу ерда барчамизнинг ҳам ўзимизга яраша айбимиз бор.
Мана ижодкорларнинг фикрларига гувоҳи бўлдингиз. Хонанданинг “Наҳотки” таронаси дарҳақиқат омадли тароналаридан бирига айланган бир пайтда унинг ортидан бундай ўғирланган, кўчирилган деган фикрлар келиб чиқиши нохуш ҳолат албатта. Бундай салбий фикрлар юзага келмаслиги учун нима қилиш керак? Биринчидан, изланиш керак, такрорланмас, ҳеч кимда учрамайдиган ғоялар топиш керак. Айрим ижодкорлар нима учундир тайёр маҳсулотдан фойдаланиш омадлироқ бўлади, деган фикрда тўхталишади. Аслида ўша тайёр ғояни ҳам ўзларига ўхшаган ижодкорлар ўйлаб топган бўлади-ку. Наҳотки, ичидаги сермазмун маънодан келиб чиқиб “Наҳотки”ни оригинал видео билан тақдим этишдан қўрққан бўлса ижодкорларимиз?!
Ҳар нима бўлганда ҳам келгусида сермаҳсул ижод қилаётган ижодкорларимиз яратаётган тарона ва видеоларини ҳеч ким эътироз билдира олмайдиган даражада суратга олиш даражасига етишади деб, умид билдириб қоламиз.