1

Футзал. Ўзбекистон - Қирғизистон — 5:1

СПОРТ 12.11.2013, 09:53
Футзал. Ўзбекистон - Қирғизистон — 5:1
Тошкентда ташкил этилган футзал бўйича 2014 йилги Осиё чемпионати Жанубий ва Марказий Осиё саралаш баҳслари якунига етди. 7 ноябрь куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинда майдон эгалари 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ўзбекистон – Қирғизистон учрашувида ҳисоб 7-дақиқада Дилшод Ирсалиев томонидан очилди. Жамолиддин Шарипов билан комбинация ўйнаган ўйинчи иккинчи уринишда Николай Шамонин дарвозасини аниқ нишонга олди. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, Артур Юнусов мусобақадаги учинчи ўйинида ҳам гол уришга муваффақ бўлди. 11-дақиқага келиб, Дилшод Ирсалиев дублни расмийлаштириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Тайм якунланиши арафасида эса Артур Юнусов ҳам дублга эришди.
Биринчи таймда тўртта гол кўрган мухлислар иккинчи таймда фақат иккита гол гувоҳига айланишди. Ушбу бир жуфт голдан биттаси, бахтга қарши, Ўзбекистон футзал терма жамоаси дарвозасига бориб тушди. Бунга, кўп жиҳатдан, тажриба оширишлари мақсадида Баҳодир Аҳмедов бир қатор ёш футболчиларни майдонга тушириб, уларга имкон бергани ҳам сабаб бўлди. Айнан ўша ёш футболчилардан бири – Шаҳбоз Бўриев 27-дақиқада ҳисобни 5:0га етказди. Бироқ қирғизлар ўйин якунланишига 3 дақиқа қолганида ҳисобни нисбатан қисқартиришга муваффақ бўлишди – Иляс Чўтбаев ўз жамоасининг саралашдаги еттинчи голига муаллифлик қилиб, жамоасининг финал босқичига чиқишини узил-кесил ҳал қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон футзал терма жамоалари 2014 йилги Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишди. Бунгача эса Япония, Таиланд, Эрон, Вьетнам, Хитой Тайпейи, Хитой, Жанубий Корея, Индонезия, Австралия ва Малайзия терма жамоалари йўлланма эгасига айланишган эди. Декабрь ойида эса Кувайт, Ливан, Қатар, Ироқ ва Саудия Арабистони термаларидан қайси учтаси финал босқичига чиқиши маълум бўлади.
Футзал бўйича Осиё чемпионати-2014 саралаш 
Жанубий ва Марказий Осиё саралаш гуруҳи, 2-тур учрашувлари 
7 ноябрь, пайшанба 
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 5:1 (4:0) Голлар: Дилшод Ирсалиев (7, 11), Артур Юнусов (8, 17), Шаҳзод Бўриев (27) – Иляс Чўтбаев (37). 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1