1

Агамуродов нима сабаб ўз лавозимидан озод этилган?

СПОРТ 23.11.2013, 12:11
Агамуродов нима сабаб ўз лавозимидан озод этилган?
10 Ноябрь куни “Бухоро” футбол клуби бош мураббийси Тачмурод Агамуродов ўз лавозимидан озод этилган эди.

Ўтган мавсум 7-поғонада якунларган “Бухоро”  бу мавсумда Тачмурод Агамуродов бошчилигида 6-поғонада якунлади.

Бироз вақт ўтгач эса Агамуродов айнан нима сабаб ишдан озод этилганини ОАВ вакилларига берган интервьюсида айтиб ўтди.  

Агамуродов жамоадан кетганлигининг сабаби асосан Кочнев билан боғлиқлигини айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, раҳбарият  ёш футболчиларни мунтазам равишда майдонга туширишни талаб қилган. Ўша ёш футболчилар орасида Геннадий Кочневнинг ўғли ҳам бўлган. Агамуродов асосий таркибга тортмайдиган ўйинчиларни туширмаган ва шу туфали раҳбарият уни ўз лавозимидан озод қилган.     

Ушбу масала буйича Геннадий Кочнев  куни кеча pfkbuxoro.uz сайтига интервью берди.

- Геннадий Геннадиевич,яқинда Тачмурод Агамуродовнинг интервьюси чиқди, ўқидингизми? Бу гаплар асослими?
- Ҳа, ўқидим. Очиғини айтсам, бу гапларни эшитиб ҳайрон қолдим. Нафақат мен, балки раҳбарият ҳам ҳайрат билан ушбу хабарни қабўл қилди. Наҳотки, инсон шу даражада ўз айбини бўйнига ола билмаса? Наҳотки, “Бухоро” клубининг раҳбарлари Агамуродов кўрсатган сабаблар туфайли уни лавозимидан бўшатади? Тўғри мен Тачмурод Шамакович билан бу мавзуда гаплашганман. Мен ўзим бухороликман ва Бухоро футболи келажаги мени бефарқ қолдирмайди. Бухорода талантли футболчилар жуда кўп. Хусусан, ўринбосарлар таркибида михланиб қолган келажаги порлок футболчиларимиз ҳам кўп. Мен унга ҳеч бўлмаганда уларга имконият беришини сўрадим, холос.

Бухоро футболи мамлакатимизда ўз ўрнига ва мавқеига эга. Азалдан “Бухоро” клуби ўзбек футболига кўплаб талантларни етиштириб берарди ва доимий равишда маҳаллий футболчилар билан алоқада бўлиб келар эди. Лекин айнан шу йил ушбу алоқа узилди. Шаҳзод
Сулаймонов, Жамшид Ҳасанов, Азиз Муродов ҳозирги кунда айни кучга тўлган даврлари, уларга ишониш керак, имконият яратиш керак.

Мен аминман-ки, юқорида санаб ўтган ёш футболчилар айрим жамоалардан ижара асосида “Бухоро”да туп сурганлардан ҳеч ҳам қолишмайди. Йил давомида ҳатто мухлислар ҳам “Нега
махаллий футболчиларнинг ҳаммаси йўқолиб боряпти?” деган саволлар кўп бора янгради.

Бухорода ўтган “Гулистон”га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида жаҳон чемпионати иштирокчиси Азизбек Муродов майдонга тушурилди. У деярли тўп билан муомала қилмай, ўйин якунланди. Ўйиндан сўнг Муродовнинг кўзи тула ёш эди. Бу кўз ёшлар алам кўз ёшларидир. Келажак ёшлар қўлида деймиз, лекин нега уларга ишонч ва имконият бермаймиз?

- Агамуродовнинг лавозимидан бўшашиш сабаблари булар бўлмаса, унда нима сабабдан раҳбарият унинг хизматларидан воз кечди?
- Яна қайтараман, ҳеч қанақа раҳбарият бу сабаблар туфайли мураббийни ишдан бўшатмайди. Бунинг сабаби умуман бошқа. Чемпионатнинг сўнгги турларида “Бухоро” жамоаси кетма-кет мағлубиятга учради. Бу ўйинларни раҳбарлар, ҳомийлар ва мухлислар ўз кўзлари билан кўришди, ҳаттоки Навоийда кўплаб бухоролик мухлислар бор эди ва ушбу мағлубиятни ва ўйинни ўз кўзлари билан кўришди.

Шунинг учун Тачмурод Агамуродовнинг “Бухоро” бош мураббийи лавозимидан четлатилишининг сабаби деб жамоанинг сўнгги ўйинларда қониқарсиз натижа қайд этиши ва энг асосийси ўйин сифати йўқолганлиги билан изоҳланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1