1

Термиздаги туғруқхонада 3 кунлик чақалоқни пуллашди

ЖАМИЯТ 17.02.2018, 10:37
Термиздаги туғруқхонада 3 кунлик чақалоқни пуллашди

Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуасида юз берган бу ҳодиса Сурхондарё вилоятида шов-шувларга сабаб бўлди. 23 ёшли онанинг хатти-ҳаракатидан кўпчилик беихтиёр ёқа ушлади. Инсонларга гулдек ширин фарзанду, бир олам қувонч ато этаётган масканда аслида нима бўлган эди?

Ушбу воқеага ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати билан боғланди.

Маълумотларга кўра, Термиз туманида яшовчи Ш.Р. опаси ва отаси билан аввалдан тил бириктириб, чақалоғини 20 миллион сўмга сотишга келишади. "Хамир учидан патир", дея ушбу маблағнинг 150 минг сўмини “ҳаражат” учун олдиндан олиб қўяди. 23 яшар аёл, опаси ва отаси билан Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуаси ҳовлисида келишилган пулнинг 14 миллион 500 минг сўмини олиб, уч кунлик норасида чақалоқни мижозга топширмоқчи бўлганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланади.

Она номига иснод келтирган бу аёл фаолияти шу билан якун топмади. Ўша куни туғруқ мажмуасининг икки нафар шифокори ҳам оқ халатига доғ туширди. Улар суюнчиси ва чақалоқни олиб чиқиб кетиш учун деб, Ш.Р.нинг мижозидан нақд 420 минг сўм пулни таъмагирлик йўли билан олаётганида қўлга тушди.

Айни пайтда ўз фарзандини пуллашга уринган Ш.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1