1

Президент Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи ниҳоясига етди

ЖАМИЯТ 22.05.2014, 10:51
Президент Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи ниҳоясига етди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан  учрашув ўтказиш ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин Хитой раҳбарининг Шанхай шаҳридаги қароргоҳида учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини юксак баҳолади ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилашда бундай учрашувлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар, дея хабар беради ЎзА.

Давлатимиз раҳбари ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этиб, Хитой раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

ХХР Раиси мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади. Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбари билан бундан буён ҳам яқин шахсий мулоқотни давом эттиришга, икки томонлама муносабатларда “янада юксак марраларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга” тайёр эканини қайд этди.

Хитой раҳбари давлатларимиз ўртасида минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Си Цзиньпин Ўзбекистон минтақадаги муҳим давлат эканини қайд этиб, Осиё мамлакатлари ўртасидаги ишончни, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт борасида мамлакатимиз билан ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф этди.

Ислом Каримов ва Си Цзиньпин ўзаро ҳамкорликка доир қатор масалаларни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласини атрофлича муҳокама қилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган IV саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш қитъада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро форумдир. Бугунги кунда Кенгашга 24 давлат аъзо. Тўққиз мамлакат ва тўрт халқаро ташкилот унинг кузатувчиларидир. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, бугун дунёда рўй бераётган таҳликали, беқарор сиёсий ва иқтисодий воқеалардан хавотирга тушмаган давлат, жамият бўлмаса керак. Бу, ўз навбатида, халқаро хавфсизликка ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Сўнгги вақтларда жаҳоннинг айрим минтақаларида юзага келаётган вазиятни кузатар эканмиз, барқарорликни издан чиқарувчи омиллар – куч ишлатиш ва зўравонлик хавфи тобора кучайиб бораётганини афсус билан қайд этмоқ лозим. Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик хавфи, миллатлараро ва конфессиялараро қарама-қаршиликлар ҳам камайгани йўқ.

Ислом Каримов саммит қатнашчилари эътиборини муҳим масала – ишонч масаласига қаратди. Ўзбекистон раҳбари қарама-қарши томонларни муросага келтириш учун, авваламбор, улар ўртасида юзага келган муаммони ҳал этишга қаратилган ўзаро хайрихоҳликка эришиш зарурлигини таъкидлади. Акс ҳолда, улар ўртасидаги барча музокаралар бир-бирига эътироз билдиришдан нарига ўтмай қолиши ва бу ҳолат чексиз давом этавериши мумкин. Бу, ўз навбатида, дунёнинг турли минтақаларида ҳал этилмай келаётган зиддиятларни юзага чиқаради. Фақат ўз манфаатини кўзлайдиган ташқи кучлар ушбу зиддиятларнинг авж олиши ва ҳатто чегарадан чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бироқ, вазият қандай тус олмасин, бундай зиддиятларнинг асосий сабаби бир-бирига қарши курашаётган томонлар ўртасида ўзаро ишончнинг йўқолишидир. Бу ишончни қайта тиклаш ва албатта мустаҳкамлаш зарур.

Президентимиз ишонч – бу муҳим элемент ва асосий мажбурият эканини, бусиз тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ҳар қандай музокаралар жараёнида баҳсли масалаларни ҳал этиш,  ўзаро тушуниш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари қўйилган мақсадларга эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Аммо экспертларнинг фикрича, замонавий дунёда, биринчи навбатда, халқаро муносабатларда ўзаро ишонч мустаҳкамланиш ўрнига сусайиб бормоқда.

Юзага келаётган реал вазият бугун ушбу масалалар ўз ечимини талаб қилаётган ғоят долзарб муаммолар эканини кўрсатмоқда. Аксарият таҳлилчилар бугунги кунда жаҳондаги вазият шиддат билан ўзгараётгани ва глобаллашув кўлами кенгайиб, хомашё ресурслари ва коммуникацияларни назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобат кучайиб бораётгани, беқарор давлатларда бўлгани каби ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида ҳам даромад тенг тақсимланмаётгани бундай ҳолатлар юзага келишининг асосий сабаблари, деб ҳисоблайди.

Ислом Каримов таъкидлаганидек, бугунги кунда радикализм, халқаро терроризм, экстремизм ва наркотрафик мафкураси бир мамлакат ёки муайян минтақа муаммоси эмас. Бу муаммолар миллий чегарани билмайди, айниқса, ёш авлодни ўз домига тортмоқда. Давлатимиз раҳбари терроризмни фақат ислом дини билан боғлаш мутлақо нотўғри ёндашув эканини алоҳида қайд этди.

Кўпгина экспертларнинг фикрича, халқаро бошқарув институтларининг мувофиқлаштирувчи роли, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқнинг асосий нормаларига қатъий риоя этиш бўйича ягона ёндашувнинг заифлашгани вазиятнинг тобора кескинлашувига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон давлатлараро ва халқаро даражадаги ишончни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш, шубҳасиз, дунёда зиддиятли жараёнлар кучайишининг олдини олишда муҳим таянч ва асосий тўсиқ, нотинч минтақаларда ўзаро курашаётган марказларнинг бир-бири билан рақобатлашишининг, вазият кескинлашуви ва издан чиқишини тўхтатишнинг ишончли ва муҳим воситаси, деб билади. 

Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин нутқида Осиёда хавфсизликнинг янги концепциясини ишлаб чиқиш бўйича билдирилган таклифлар эътибор ва қўллаб-қувватлашга лойиқ эканини, ўзаро ишонч, манфаат, тенглик ва ҳамкорлик каби принципларни амалга ошириш ушбу концепциянинг асосий мақсадлари бўлиши даркорлигини таъкидлади. Ижтимоий тизим ва унга ёндашувдаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик муҳим вазифадир. Шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо ва инвестиция фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида йирик қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологик ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишга доир таклифлар ҳам қўллаб-қувватлашга лойиқ. Президентимиз  замонавий дунёда талаб юқори бўлган бундай янгича ёндашувлар бугунги кунда айниқса муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Ўзбекистон раҳбари қўшни Афғонистонни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини ҳал этишдан манфаатдор барча томонлар бир фикрда якдил – Афғонистонда ҳарбий йўл билан тинчлик ўрнатиб бўлмайди. Ислом Каримов Ўзбекистон бу фикрни НАТОнинг 2008 йил апрелдаги Бухарест саммитида ҳам илгари сурганини қайд этди.

Можарони бартараф этишнинг ягона тўғри йўли – сиёсий йўл бўлиб, музокаралар орқали қарама-қарши томонларнинг ўзаро келишувига эришиш, мамлакатнинг асосий миллий-этник гуруҳлари вакилларидан иборат  ҳукуматни шакллантиришдир. Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда президент сайловининг иккинчи босқичи қонун доирасида ўтказилишига умид билдирди ва бу жафокаш Афғонистон халқи учун тинч ҳаёт сари йўл очиб бериши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида унинг ички ишларига аралашмаслик, ҳамкорликни фақат икки томонлама асосда ташкил қилиш, Афғонистон халқи сайлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатида қатъий туради.

Ўзбекистон муросага келаётган томонлар олдига нафақат музокара жараёнини чўзадиган, балки кескинликнинг яна авж олишига, зиддият ва тортишувларнинг янада кучайишига олиб келадиган шартлар қўйилиши мутлақо самарасиз ва бунга сира йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.   Афғонистондан АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг чиқарилишига келсак, ушбу мамлакатда юзага келган вазият қўшинларни 2014 йилнинг охирига қадар олиб чиқиб кетиш якуний муддатини узайтиришни талаб қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш олдида қандай мураккаб, ҳал этиш мушкул бўлган муаммолар турганини яхши тасаввур қилишини таъкидлади. Ушбу вазифаларнинг ҳал этилиши давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш, кескинлик ва қарама-қаршиликларни юзага келтирадиган сабабларга барҳам бериш борасидаги барча саъй-ҳаракатларимизни оқлаши мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасининг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга раислик қилиши Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги мураккаб муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнашига ишонч билдирди. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга раислик 2016 йилгача Хитойга ўтди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи ниҳоясига етди. Президентимизнинг ХХР Раиси билан ўтказган учрашувлари икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатларга, мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини стратегик шериклик руҳида ривожлантиришга хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1