1

"Ўзбекконцерт" бадиий кенгаши Шаҳло Аҳмедова ва Жасур Умировнинг клипларини рад этди

МАДАНИЯТ 17.07.2018, 10:46
"Ўзбекконцерт" бадиий кенгаши Шаҳло Аҳмедова ва Жасур Умировнинг клипларини рад этди

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашда 10 нафар хонанда томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати хабар беради.

Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Ахмедованинг “Эрка десам”, “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Юлдашеванинг Озарбайжон тилида куйланган “Ман бир айри”, хонанда Хуршид Расуловнинг “Ёшлигимга қайтгим келади”, хонанда (Шаҳзода) Зилола Мусаеванинг “Жажжи қизалоқ” ҳамда хонанда Наврўз Собировнинг “Бу тупроқ” деб номланган қўшиқларига ишланган клиплари муҳокама этилиб, ушбу ижрочиларга клиплардаги баъзи жузъий кадрларни тўғрилаш шарти билан эфирга узатиш учун тавсия берилди.

Хонанда Шаҳло Ахмедова ижро этган “Индама” қўшиқ матни шеърият талабларига мутлақо жавоб бермаслиги, “олди-қочди” жумлалардан иборатлиги, унга ишланган видеоклипдаги тасвирларда миллий менталитетимизга мос бўлмаган, маънавиятимизга зид хатти-ҳаракатлар, “оммавий маданият”ни тарғиб қилувчи рақслар акс этганлиги боис ушбу клип рад этилди.


Хонанда Ҳадича Қурбонова ижро этган “Ёлғиз қиз” қўшиғига ишланган видеоклип тўлиқ ниҳоясига етмаганлиги ҳамда мусиқасини миллий чолғулар асосида бойитиш кераклиги тушунтирилди. Хонандага клипни тайёр ҳолда навбатдаги Кенгашга топширилиши маълум қилинди.

Хонанда Жасур Умиров ижросидаги “Хўрланди юрак” қўшиғига ишланган видеоклипда компьютер графикасидан ўринли фойдаланилмаганлиги, қўшиқ матни мазмунан саёзлиги ва видеоклипдаги айрим ўринсиз кадрлар олиб ташланиши лозимлиги ижодкорга тушунтирилиб, ушбу клип рад этилди.

Хонанда Нодир Ниёзов томонидан ижро қилинган “Она” қўшиғи матни яхши ёзилгани эътироф этилиб, клипдаги тушунарсиз кадрларга эътироз билдирилди. Мазкур камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, хонанданинг видеоклипи Бадиий Кенгашда қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Хонанда Эльвира Юсупова (“Кўк чой” гуруҳи) ижро этган “I love you, Bukhara” қўшиғига ишланган видеоклипдаги айрим жузъий камчилик яъни йигит томонидан қизни кўтариш рақси олиб ташлаш тавсия этилди. Хонанда томонидан жойида тўғриланганлиги учун рухсат берилди.

Кенгаш аъзолари томонидан хонандаларга қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплардаги қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий даражасига алоҳида эътибор қаратишини, шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи ҳолатларнинг олдини олишга эътибор қаратиши лозимлиги тушинтирилиб келинмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1