1

Жаҳонгир Хўжаев: «Кўп гапирсам-да, романтикман!»

МАДАНИЯТ 18.07.2018, 10:35
Жаҳонгир Хўжаев: «Кўп гапирсам-да, романтикман!»

Яқинда танишларимдан бири «Реал-хит» кўрсатувини кўрдингизми? Томларда камера билан юришга ҳам қўрқишмади-я» деб қолди. Шу гап баҳона бўлиб дастур бошловчиси Жаҳонгир Хўжаевни суҳбатга чорладим.

Жаҳонгир, сиз ҳақингизда гап очилгудай бўлса «қонида санъаткорлик бор» дейишади. Нима учун онангиз Гули Асалхўжаева сингари қўшиқчиликни эмас, бошловчиликни танладингиз?

— Мен асли, бошловчи эмас, режиссёрман. Институтимизда «ЗЎР ТВ»га кастинг бўлаётганини эшитиб, ўзимни режиссурада синаб кўрмоқчи бўлдим. Дўстларим билан «Реал-хит» дастурини таклиф этганимизда, ўзингиз бошловчилик қилаверинг, дейишди... Асли, 5 ёшимда Мавлуда холам хориждан кичкина камера олиб келиб берганларидан бери кичик-кичик фильмлар суратга ола бошлаганман.

— Одамлар ўртасида Мавлуда Асалхўжаева клипга жиянини олиб, пулини тежади деган гап-сўзлар тарқади...

— Уйда онамнинг «Алдадинг» қўшиғига клип ғоясини муҳокама қилишаётганида ўзимча баъзи фикрларни билдиргандим. Клипга Асқар Іикматовни таклиф этамиз дейишганида дадам «Ўзи ўйнайверсин», деганлар. Шундан кейин холамнинг ҳам клипларида суратга тушдим. Ҳозиргача 10 га яқин клипларда қатнашдим. Лекин энди янгиларини рад этяпман. Чунки томошабинлар «Клипдаги бола-ку» дейишларини истамайман.

Қайси режиссёрнинг ижодига қизиқасиз?

— Мени Жеймс Кэмероннинг ижоди ўзига оҳанрабодай тортади. Чунки устозим, Илҳом Содиқов шу инсоннинг суҳбатида бўлган. Жеймс Кэмерон «Дунёдаги 3Д ёки 7Д ли кинотеатр қаерда, деб сўрагудай бўлсангиз, мен китобда деб жавоб бераман. Китобни биринчи марта ўқиганингизда оддий туюлади, лекин қайта-қайта мутолаа қилсангиз, саҳифалари ранг-баранг эканини ҳис этасиз», деган экан. Яна Темур Бекмамбетов, Баҳодир Йўлдошев ижодлари ҳам ёқади.

Жаҳонгир, «Реал-хит» кўрсатувида баланд томларда юрасиз. Бу сизни чўчитмайдими?

— Йўқ. Ҳамма нарсани реал яъни ҳаётда қандай бўлса шундайлигича эфирга берамиз деб ният қилганмиз. Албатта, баландликда туриб камера билан суратга олишда бироз қийинчиликлар бўлади.

Тўйларга таклифлар бўлмаяптими мабодо?

— Бўляпти, лекин ҳозирча бунга вақтим йўқ. 25 дақиқалик кўрсатув бўлса ҳам унинг ортидан деярли бир ҳафта югураяпмиз. Режаларимиз катта.

Дарвоқе, кўрсатувда қатнашадиганларни олдиндан тайёрлаб қўймайсизларми?

— Йўғ-эй. Бунақа қилмаганмиз ва қилмоқчи ҳам эмасмиз. Оддий одамлар орасида олинган кўрсатувларимиз жуда омадли чиқаяпти.

— Айни муҳаббат ёшидасиз...

— Мен романтикман. Ҳатто, уйимдагилар ҳам сокин қўшиқларни тинглашимга ҳайрон қолишади. Институтда «Ромео ва Жульетта» спектаклида Ромео образини яратдим.

— Очиғини тан олинг, шу кунгача нечта қизнинг бошини айлантирдингиз?

— Шу кунгача фақат битта қиз билан гаплашиб тураман. Дўстларим қизлар ҳақидаги фикрларинг тўғри чиқади, деб ҳайрон қолишади. Ўзим шўх, қувноқ бўлганим учун камгап, оғир, босиқ қизларни ҳурмат қиламан.

— Яхши санъаткор, ижодкор бўлиш учун нимадан воз кечиш керак?

— Телефондан. Чунки телефонда интернетга кирсангиз камида 3-4 соат вақтингиз кетганини сезмай ҳам қоласиз. Ўзим билан шу масала бўйича курашяпман.

— Отангиз...

— Отам бебаҳо инсон. Мени 1-синфдан то коллежга ўқишга киргунимча ҳар куни эрталаб ўқишга олиб бориб қўярдилар. Агар жисмоний тарбия учун кийимимни уйда унутганимда «Адажон, ёдимдан чиқиб қолибди, олиб келиб бера оласизми?» дея қўнғироқ қилсам, бирон сўз демасдан ташлаб кетардилар. Синфдошларим ҳайрон қолишарди.

— Онангиз...

— Онам оилани, фарзандларини биринчи ўринга қўядилар. Авваллари ишга кетишдан аввал эрта тонгда туриб биз учун нонушта, кейин иккита қозонда овқат тайёрлаб кетардилар. Биттаси тушлик, иккинчиси кечки овқат бўларди. Ҳалигача мазали таомлар пиширишга, уй йиғиштиришга улгурадилар. Ота-онам бағри кенг инсон. Дўстларим билан бизникида бирга имтиҳонларга тайёрланамиз, кўрсатув устида изланамиз, барчаси учун шарт-шароит яратиб беришади. Кўпчилик йигитлар уйланганидан сўнг алоҳида уйга чиқиб кетиб, ўзи сезмаган ҳолда, беихтиёр кўпроқ вақтини ўз оиласи, фарзандларига бағишлайди. Мен бундай қилмайман, ота-онам билан яшайман дейман.


Қисқвча маълумот:

*1995 йил 22 августда Тошкент шаҳрида дунёга келган.

*Республика эстрада-цирк коллежида эстрада актёрлиги факультетида таҳсил олган.

*Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг режиссура факультетини тугутган.

*Таэквондо бўйича қора белбоғ соҳиби. Сузиш билан шуғулланади.

Жамшид БЕК суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1