1

Буюк адибнинг 125 йиллик юбилейи ўтказилади

МАДАНИЯТ 05.12.2018, 16:24
Буюк адибнинг 125 йиллик юбилейи ўтказилади

Мамлакатимизда 2019 йилнинг октябрь ойида буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланади, деб хабар берди ЎзА.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи Ички ишлар вазирлигидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилади. Истироҳат боғида Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, ижодий мактаб, кутубхона барпо этилади. Адибнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилади. Ёзувчи яшаб ижод қилган уй – Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарвоза кўчаси 35 ва 37-уй манзилларида Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил этилади.

2019 йилнинг апрель ойида “Абдулла Қодирий ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти” мавзусида илмий конференция ҳамда адиб таваллудига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтади. Республика театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм, асарлари асосида қисқа метражли фильм яратилади. Шунингдек, мамлакатимиз олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасаларида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар уюштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг халқимизнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармойишида юқоридаги ишларни амалга ошириш назарда тутилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1