Ўзбекистон Ислом дунёсидаги энг муқаддас қадамжолар маскани бўлиб, тарихий юртни кўриш учун ҳар йил минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Зиёратчиларнинг қадами узилмайдиган ноёб тарихий меъморий, маданий-маърифий қадамжолардан бири Занги ота мажмуасидир.
Республика Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан унинг Тошкент вилоятидаги ҳудудий департаменти билан ҳамкорликда маҳаллий ОАВ вакиллари учун Тошкент вилоятига икки кунлик ташкил этилган инфо-тур иштирокчилари ушбу қадамжони зиёрат қилишди.
Мазкур инфо-турдан кўзланган мақсад мамлакатимиз моддий-маданий мерос объектларини халқимизга янада таништириш ва тарғиб қилиш ҳамда туризм соҳасида киритилаётган ютуқларни оммалаштиришга қаратилган.
Зиёратгоҳ диний ходими Файзиаҳмад Мелибоевнинг билдиришича, Занги ота мажмуасига бутун Марказий Осиё минтақасидан турли миллатлар вакиллари ташриф буюради. Сўнгги йилларда катта ободончилик ишларидан аждодлар руҳи шод бўлиб, бу даргоҳ жозибали гўшага айланган.
Халқаро тадқиқотларда кўрсатилишича, дунё миқёсида зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда мусулмон сайёҳлар сони 131 миллион кишини ташкил этган. 2020 йилга бориб сайёҳлар сони 160 миллионга етиши кутилмоқда.
Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси расмий сайтида келтирилишича, юртимизга зиёрат мақсадида ташриф буюрган, Ўзбекистоннинг маданий, тарихий, диний ва маънавий мероси, анъаналарини ўрганиш мақсадида келаётган хорижий фуқароларга 2 ойгача бўлган муддатга Зиёрат визаси берилишининг киритилиши ҳам соҳага берилаётган яна бир эътибордан дарак.
Нигора ХОДЖАЕВА
Фото: Камил ЕНИКЕЕВ