Кеча, 8 июль куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальонининг бир гуруҳ хизматчилари “Жас авлад” соғломлаштириш марказида меҳмон бўлишди.
Ёзги таътил кунларини оромгоҳда ўтказаётган ўғил-қизлар учун хизматчилар томонидан уюштирилган концерт дастури барчани рақсга чорлаган бўлса, турли жамоавий ўйинлар болажонларга ўзгача завқ улашиб, куннинг мазмунли ўтишини таъминлади.
– Ҳар йили оромгоҳда дам оламан, - дейди 9 ёшли Сайёра Алламбергенова. – Ҳарбий акаларимиз ҳар сафар бизларни кўришга келишади. “Ниҳол” мукофоти совриндори Саломат Аяповни телевизорда кўрган эдим ва ғурурлангандим. Бугун эса Саломат ака билан биргаликда расм чизяпман. Бундай бахтга эришганимдан бошим осмонга етди.
Дарҳақиқат, шу куни ҳарбийлар кетар чоғи болажонларнинг “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” деган баралла овози СЧР хизматчиларини ҳам тўлқинлантириб юборди. Зеро, Ўзбекистон бахтли болалар мамлакати. Болаларнинг кулгуси юртнинг шодлиги саналади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати