Миробод туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда Тошкент шаҳар Ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турган 30 нафар ўқувчи-ёшлар учун ташкил этилган бир ҳафталик амалий семинар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг амалий наъмунасидир.
– Ёшларни маънавий ва маърифий ишлар, жумладан, маданият, санъат соҳасида билимларини ошириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларида иштирокини таъминлаш борасида бир ҳафталик режа тузиб олганмиз, – дейди катта лейтенант Ўктам Очилов. – Ҳарбий қисмда улар учун психологик тренинглар, профилактик суҳбатлар, саф тайёргарлиги бўйича махсус машғулотлар, ватанпарварлик рўҳини тарғиб қилувчи видеофильмлар намойиши, китоблар мутолааси, компьютер технологиялари ҳамда рассомчилик тўгараклари каби амалий машғулотлар ташкил қилинган.
Ҳафта давомида ёш аскарларни бадиий ва ҳарбий оркестрларнинг концерт дастурлари, сафда қўшиқ айтиш ҳамда ҳарбийлар иштирокидаги қўл жанги кўргазмали чиқишлари намойиш этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу каби амалий тадбирлар ёшлар томонидан содир этилаётган турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, эл-юрт хизматига доимо тайёр фарзанд сифатида тарбиялашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, тарбияси оғир ўқувчи-ёшлар учун ташкил этилган махсус ҳарбий таътил 15 июлга қадар давом этади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти