Кеча, 16-май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида сунъий ёғингарчиликни ошириш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Расмий маълумотга кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий ёмғир технологияларини амалиётда қўллашни бошлаган биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу технология ёрдамида ёмғир миқдорини табиий ҳолатга нисбатан 10–20 фоизгача ошириш имкони яратилади.
Лойиҳа доирасида махсус атмосферага таъсир қилувчи усуллар қўлланилиб, булутлардан ёмғир ҳосил бўлиш жараёни фаоллаштирилади. Расмийлар бу ташаббус сув ресурслари танқислигини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун барқарор сув таъминотини таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Ташаббус асосан сув омборларини тўлдириш ҳамда суғориладиган ерларни сув билан таъминлашга қаратилган. Шунингдек, лойиҳа 911 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги майдонларида қурғоқчилик таъсирини камайтиришни мақсад қилган.
Тахминларга кўра, ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириб, иқтисодиётга йиллик ўртача 35 миллиард тенгегача қўшимча фойда келтириши мумкин.






