Бугунги кунда фуқароларнинг дарду-ташвишини эшитиш, турли-хил муаммоли масалаларга қонуний ечим топиш, шунингдек, уларга ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар бир шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг энг устивор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ташкил этилган навбатдаги сайёр қабул Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев иштирокида ўтказилди.
Сайёр қабулда, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, ички ишлар, суд-ҳуқуқ, қишлоқ хўжалиги, уй-жой, солиқ, божхона, коммунал соҳа ва бошқа масалаларга оид мурожаатлари атрофлича ўрганилди.
Сайёр қабулда, Жиззах вилоят прокуратураси ҳамда Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси раҳбарияти ҳам иштирок этди. Тадбир давомида, аҳоли томонидан ўзларини қийнаётган муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Сайёр қабул давомида 30 тага яқин фуқароларларнинг мурожаати эшитилди.
Мисол учун:
- фуқаро А.Ҳакимовнинг жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг ажримини бекор қилиш юзасидан протест киритиш;
- жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг қарорига асосан қарздор Т.Султоновдан фуқаро М.Пардаева фойдасига 101 миллион сўмдан ортиқ маблағни ундириш;
- фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан қарздор Ф.Шербўтаевдан фуқаро Т.Маҳкамова фойдасига
17 миллион сўм ундириш;
- фуқаро С.Аҳмедов ва Д.Омоновнинг ишга жойлашиш каби мурожаатлари назоратга олинган бўлиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.