1

​Сифатли кино маҳсулотларини ҳамкорликда яратамиз

МАДАНИЯТ 02.10.2019, 15:38
​Сифатли кино маҳсулотларини ҳамкорликда яратамиз

1 октябрда Москвада ўзбек киноси кунларининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Тантанали маросимда РФ маданият вазири Владимир Мединский, президентнинг махсус вакили Михаил Швидкой, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухоликов ва Ўзбекистоннинг РФдаги элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди.

Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шу бўлдики, Россия маданият вазири Владимир Мединский ҳамкорликда олинадиган фильмлар ҳақида алоҳида тўхталди.

“Сифатли фильмларни, албатта, биргаликда тасвирга олиш керак”, – деди у ўз сўзида.

“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек кинематографияси олдига жаҳон миқёсидаги кино маҳсулотларини, шу жумладан бугунги кундаги ҳаққоний ҳаётийлик ҳамда тарихимизнинг шавкатли саҳифаларини ўзида акс эттирувчи кино асарларни яратиш вазифасини қўйди, – деди тадбирнинг очилиш маросимида Фирдавс Абдухолиқов. – Бу мақсадлар ижобатини биз хорижий давлатлардаги ҳамкорларимиз иштирокисиз тасаввур қилолмаймиз ва шу сабабдан Россия кинематографияси билан стратегик ҳамкорлик биз учун муҳим аҳамиятга эга”.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Россиянинг бешта кинокомпанияси – «СТВ», «Марс Медиа», MЕGOGO, «Вега» и «Инферно» билан меморандум имзолади. Шу асосда ўзбек ва россиялик кинематография ижодкорлари ҳамкорликда Тошкент зилзиласи воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи “Тошкент-66” номли, шунингдек “Хўжа Насриддин”, “Фариштанинг туҳфаси”, ва “Барон-2” номли фильмларни тасвирга олишни кўзда тутишмоқда.

Ўз навбатида РФ маданият вазирининг ўринбосари Павел Степанов Россия маданият вазирлиги бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши ва янги фильмларни тасвирга олиш фаолиятига ҳар томонлама кўмак беришини таъкидлади.

Россияда Ўзбек киноси кунлари очилиши арафасида ўзбек кинематографиячилари делегацияси Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) ва “Мосфильм” студияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида ўзбекистонлик мутахассисларни Бутунроссия давлат кинематография институти қошидаги қисқа муддатли курсларда ўқитиш бўйича келишувга эришилди. “Мосфильм” павильонларида кино маҳсулотларини ҳамкорликда яратиш ва амалий машғулотларни ўтказиш ҳақида ҳам сўз борди.

“Мосфильм” директори Карен Шахназаров “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг “Ўзбекфильм” ва “Мосфильм” ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятини тиклаш борасидаги таклифини қўллаб-қувватлади.

“Мен ўйлайманки, келгусида Ўзбекистон кинематография соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан жой олиши мумкин. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина кучли студияларни ташкил қилиш ва малакали кадрларни тарбиялаш зарур”, – деди Шахназаров.

Айни пайтда Россияда Ўзбекистон кунлари давом этмоқда.

Бугун Ўзбекистон делегацияси Россиянинг “Госфильмофонд” архивида сақланаётган ўзбек фильмларини республикага қайтариш масаласида музокара олиб боради.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1