АсосийSiyosat

Шифокорга зўровонлик қилганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин

'Шифокорга зўровонлик қилганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин 'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан маълум қилинди.

Сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тажовуз қилиниши ҳолатлари тез-тез учраётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Вазирлик берган маълумотларга кўра, 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ ҳолатларда шифокорларга нисбатан зўравонлик қилиниб, тан жароҳатлари етказилган.

“Вазият шу даражага бориб етдики, тиббиёт муассасаларида, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўлланилади. Бундай жазо чоралари ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлади.

Зеро, шифокор ҳеч қачон беморга ёмон бўлишини истаб ҳаракат қилмайди, у ҳамиша инсонга яхшилик қилишга интилади, кўмакка муҳтож беморга шифо бахш этиш, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш учун бор куч-салоҳиятини бахш этади.

Шу боис, бундай фидойи касб соҳибларига, уларнинг ҳалол меҳнатига нисбатан адолатсизлик ва ноҳақликларнинг олдини олиш, улар самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш давлат ва жамият зиммасидаги муҳим вазифадир”, дея таъкидланади вазирлик берган маълумотда.

    Бошқа янгиликлар