1

Андижон вилояти ҳокими: Бўз тумани одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойлар эди

СИЁСАТ 12.10.2019, 18:08
Андижон вилояти ҳокими: Бўз тумани одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойлар эди

Сенаторлар Бўз тумани номини Бўстон деб ўзгартириш тўғрисидаги масалани маъқуллади.

Олий Мажлиснинг 12 октябрь кунги 23-ялпи мажлисида Андижон вилояти Бўз тумани номини Бўстон деб ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Мажлисда сўзга чиққан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, авваллари Бўз тумани одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойлар бўлган.

«Келгуси 2020 йилда Бўз туманининг 70 йиллиги нишонланади. Агар ушбу туман Бўстон деб ўзгартирилса, тўйга муносиб туҳфа бўлади», — деди Андижон вилояти ҳокими.

Сенаторлар Бўз тумани номини ҳудуднинг ҳозирги кун қиёфасига мос равишда Бўстон тумани ўзгартириш таклифни маъқуллади

Аввалроқ, «Андижон вилоятининг Бўз тумани номини Бўстон туманига ўзгартириш тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Андижонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш ўтказган эди.

Йиғилиш давомида Андижон вилоятининг чўлли ҳудуди ҳисобланган Бўз тумани ҳокими Иномжон Мамадалиев давлат раҳбарига 2020 йилда Бўз тумани ташкил топганига 70 йил тўлиши, туман ташкил этилганида унинг ерлари шўр бўлгани учун шундай ном берилганини, ўша пайтда Шароф Рашидов «Бу бўз ерлар бир куни бўстонга айланади» дегани, айни пайтда Бўзда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар натижасида туманнинг номи ўзига ярашмай қолгани ҳақида гапирган.

Ҳоким Президентдан кейинги юбилей йилида туман номини Бўстонга алмаштириш учун туман оқсоқоллари, фаоллари номидан рухсат сўраган.

Давлат раҳбари туманда ижтимоий-иқтисодий объектларни ривожлантириш, бунёдкорлик ишлари амалга ошириш ва турли соҳалардаги ишларни жадаллаштириш учун 25 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиб берган.

Маълумот учун, Андижон вилоятидаги бу туман 1950 йил 5 апрелда ташкил этилган. 1962 йил 24 декабрда Шаҳрихон туманига қўшиб юборилган. 1964 йил 31 декабрда қайта тузилган. Бўз тумани шимоли-ғарбда Улуғнор, шимолда Балиқчи, шарқда Шаҳрихон, жануби-ғарбда Фарғона вилоятининг Ёзёвон, жанубда Қўштепа, жануби-шарқда Қува туманлари билан чегарадош. Майдони 0,20 минг квадрат км. Аҳолиси 70 мингдан зиёд. Бўз туманида 1 шаҳарча (Бўз) ва 3та қишлоқ фуқаролар йиғини (Манноп Жалолов, Ховос, Холдевонбек) бор. Маркази — Бўз шаҳарчаси.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1