1

ЎЗБЕКИСТОН 2020 ЙИЛДА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИГА РАИСЛИК ҚИЛАДИ

СИЁСАТ 13.10.2019, 17:42
ЎЗБЕКИСТОН 2020 ЙИЛДА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИГА РАИСЛИК ҚИЛАДИ

2019 йилнинг 11 октябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида МДҲ давлат раҳбарларининг  саммити ўтказилди. Унда давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиб, томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Мазкур ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказди. 

         Таъкидлаш ўринлики, МДҲ бугунги кунда жаҳонда йирик жўғрофий ҳудуд, сиёсий салоҳиятга эга йирик тузилмалардан бири сифатида қаралади. Тарихга юзлансак, ушбу ташкилот 1991 йилнинг 8 декабрь куни тарқалиб кетган бир қатор совет республикалари негизида ташкил этилган. 

МДҲ таркибига Болтиқбўйи ўлкаларидан (Латвия. Литва, Эстония) ташқари барча собиқ совет республикалари аъзо бўлиб кирган. Фақат 2009 йил август ойида Грузия ихтиёрий равишда ушбу ташкилотни тарк этган. Айни пайтда 11 та давлат (Озарбойжон,  Арманистон, Беларусь, Қозоғистон Қирғизистон,  Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон,  Украина)  МДҲнинг тенгҳуқуқли аъзолари саналади. 

Кейинги йилларда МДҲ халқаро ташкилот, йирик сиёсий тузилма сифатида яна  ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Биргина ўтган 2018 йил давомида МДҲ мамлакатлари орасида товар айирбошлаш ҳажми 190 миллиард АҚШ долларига етгани ҳам бу фикрни яна бир карра исботлайди. 

Маълумки, МДҲ мамлакатларини қадимийалоқалар, қолаверса, собиқ иттифоқ даврида, бир иқтисодий ва сиёсий маконда кечган муштарак ҳаёт тарзи бирлаштириб туради. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу маконда истиқомат қилган барча халқларнинг бир ёқадан бош чиқариб фашизмга қарши мардона курашгани ва бу қаҳрамонлик урушида порлоқ ғалаага эришгани тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган. 

Айни пайтда МДҲ даражасида ушбу ғалабанинг 75 йиллигини муносиб даражада нишонлаш Ашхобод саммитида муҳокама қилинган асосий масалалардан бири бўлди. Саммит давомида Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати ҳам қабул қилинди. Ушбу қутлуғ сана МДҲга Ўзбекистон раислик қиладиган йилга тўғри келаётгани ҳам ўзига хос маъно касб этади.

Кейинги уч йил ичида мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. МДҲ мамлакатлари ва  бир қатор хорижий давлатлар билан алоқалар янада жонланди. Хусусан, Ўзбекистон ва  қўшни ўлкалар ўртасида  узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутиб келаётган бир қатор муаммолар тинч музокаралар йўли билан бартараф этилди. 

Сўнгги йиларда нафақат Марказий Осиё, балки ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон раҳбари турли даражадаги халқаро  анжуманларда МДҲга аъзо давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашиб, турли масалалар юзасидан музокаралар ўтказди, турли битимлар имзоланди. 

Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг МДҲ маконидаги сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ортиб бораётганини кўрсатади. Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий кўрсаткичлари ўсиб бораётгани МДҲ давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганида ҳам ўз аксини топаётир.

        Ашхобод саммитида давлат раҳбарлари томонидан МДҲ маконида тинчлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш, жаҳонда юз бераётган сиёсий ўзгаришлар, ҳарбий тўқнашувлар, манфаатлар курашига сергак нигоҳ билан ёндашиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, анжуманда МДҲга 2020 йилда раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди, қатор ҳужжатлар имзоланди. 

Президент Шавкат Мирзиёев бу юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз раислиги давомида ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга устувор эътибор қаратилишини таъкидлади. 

Келгусида ҳамдўстлик миқёсида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, эркин савдо зонаси тўлиқ ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш ва учинчи мамлакатлар бозорини ўзлаштириш, аграр соҳа, энергетика ва телекоммуникациялар тармоғидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илмий, инновацион ва таълим дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбари ўн йилга мўлжалланган Транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва ҳудудлараро ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. 

Келгуси йили юртимизда биринчи МДҲ ҳудудлараро форуми бўлиб ўтади, шунингдек, МДҲ савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказиш, унинг доирасида Ҳамдўстликнинг ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталигини ташкил қилиш таклифи билдирилди. Шунингдек, ахборот хавфсизлиги, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳам қатор тадбирлар режалаштирилган.

Музокаралар якунида шунингдек, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, 2020-2022 йилларда терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашиш  бўйича ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон ушбу ташкилотга 2019 йилнинг охирига қадар раислик қилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1