Самарқанд шаҳрида яшовчи юртдошимиз Дониёр Зубайдов август ойида шаҳардаги “Самсунг” дўконидан HUAWEI смартфонини харид қилган. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Дўконда “UNIQUE MARKETING GROUP” МЧЖ томонидан акция ўтказилаётган бўлиб, харидор кўпон тўлдирган.
15 кундан сўнг Дониёрга қўнғироқ қилишиб, Нексия 3 русумли автомашина ютгани тўғрисида хабар беришган.
20 сентябрда "Zo`r" TV каналида чиқишини айтишган. Орадан вақт ўтишига қарамай, ушбу юртдошимизга акциядан ютган автомобили берилмаган.
Бундан норози бўлган фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Федерация мутасаддилари бу каби кўзбўямачиликларга бефарқ қараб тура олишмайди. Ҳар бир истеъмолчининг мурожаати эътибордан четда эмас. Қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошимизга Нексия 3 автомашинаси тезкорлик билан олиб берилди.