2014 йилда 13 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ иқтисодий самарадорликка эришилди

ЖАМИЯТ 14.01.2015, 09:15
2014 йилда 13 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ иқтисодий самарадорликка эришилди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси томонидан йўловчи ташиш жараёнини бошқариш, тартибга солиш ва тармоқни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар қилади ЎзА.
Пойтахтимиз аҳолисига ҳар куни 142 йўналишда 1400 дан зиёд автобус хизмат кўрсатади. Йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида ўтган йили “Исузи” русумли 80 та автобус харид қилинди. Жорий йилда яна 90 та шундай транспорт воситаси харид қилиш мўлжалланмоқда. Тармоқни ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ишлар самарасида 2014 йилда компания тизимида 360 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Натижада 270 нафардан зиёд коллеж битирувчиси ишга қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 28 майдаги “Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш – “йўл харитаси” дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тармоқдаги корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, мавжуд иш ўринларини сақлаш ва янгиларини яратишда дастуриламал бўлаётир. Унга кўра, 2014 йилда иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган дастурлар асосида 13 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ иқтисодий самарадорликка эришилди. Зарар кўриб ишлаётган олтита автобус йўналиши, 18 йўналишдаги таксилар қатнови, 13 йўналиш узунлиги қисқартирилди. 

Тармоқни ривожлантириш мақсадида компания корхоналарида қўшимча фаолият турлари жорий қилинмоқда. 2014 йилда йўловчилар ташиш хавфсизлигини ошириш, автобуслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш, жамоат транспорти қатнови жадваллари ва оралиқ муддатларига қатъий риоя этишни таъминлаш мақсадида «онлайн» тартибида масофадан туриб назорат қилиш тизими – GPS-мониторинг мосламаларини ўрнатиш ишлари якунланди.
Тизимда янгилик сифатида йўлкира тўловини электрон шаклда амалга ошириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозир саккизта компаниянинг бу борадаги таклифлари ўрганиб чиқилмоқда. Натижада бир марталик чипталар, ягона тўлов карталари, кредит карточкасидан фойдаланиш, мобиль телефон орқали тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади. Ҳозир йўлкирани электрон шаклда тўлаш, хусусан, мобиль телефон орқали амалга ошириш “Мустақиллик” метро бекатида синовдан ўтказилмоқда.
Матбуот анжуманида ҳайдовчи ва чипта сотувчиларнинг хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, “Ишонч телефони” орқали тушаётган мурожаатлар ижроси, йўловчи транспортида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа масалалар хусусида сўз юритилди. Журналистлар ўз саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1