Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси автомобилнинг қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиш орқали авария ҳолатини юзага келтирган ҳайдовчи бўйича телеграм каналида қўйилган пост орқали ўрганиш олиб борди.
Келтирилишича, “Насимов. Столик с видом на планету” телеграм-каналида Ласетти автомобили қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетиш кўринишидаги йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги акс этган маълумот пайдо бўлди. Хабар остида қуйидаги шарҳ қолдирилган эди: “Икки йил аввал шу каби бир ҳайдовчи қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб, оиламиз вакилларидан бирини ўлдириб, иккинчиси оғир жароҳатлаган эди”. Канал муаллифи ҳуқуқбузарлик содир этилган жой ва вақтни ҳам аниқ кўрсатиб ўтди. “Оқтепадаги Сеул кўчасидан чиқишйўли. 18:53, 2019 йил 1-ноябрь”
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан автомобиль ҳайдовчиси – 24 ёшли Бобир А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўшғрисидаги кодексининг 128-5-моддаси, яъни, “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши” бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу ҳуқуқбузарлик энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Шунингдек, “Ҳурматли ҳайдовчилар! Қанчалик шошаётганингизга қарамасдан, қарама-қарши йўналиш бўлагидан ҳаракатланиш хавфи жуда юқоридир. Ўз соғлиғингиз ва ҳаётингизни, шунингдек ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларининг ҳаётини хавф остига қўйманг”, — дея огоҳлантирган ИИББ хабарида.






