Самарақанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга Мудофаа вазирлигининг кўкрак нишони топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари маълум қилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги «Мудофаа вазирлиги ва жойларда давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашдаги уларнинг маъсулиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига биноан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз борди.
Тадбирда Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларининг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарияти билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётгани ва бу бугунги кунда ижобий самара бераётгани таъкидланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи ўқиб эшиттирилиб, генерел-майор Павел Эргашев томонидан Каттақўрғон округ полигонини барпо этишда муносиб ҳисса қўшган Самарқанд вилояти ҳокими, Самарқанд ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Эркинжон Турдимовга Мудофаа вазирлигининг III даражали «Намунали хизматлари учун» кўкрак нишони ва Марказий ҳарбий окург қўмондонлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида Марказий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар орасида хизмат бурчини сидқидилдан бажараётган, ҳарбий жамоа ҳаётида фаол қатнашаётган ва ҳарбий хизматга ва танлаган мутахассисликларига сидқидилдан ёндашиб, мамлакат мудофаа қудратини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳарбий хизматчиларга ҳарбий унвон ва эсдалик совғалари топширилди.