Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Марказлар юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида ташкил этилади.
Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
замонавий оиланинг намунали шаклини хамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини, “Фаровон оила - жамият равнақининг асоси” концептуал ғоясини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;
никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;
машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;
ёш оила ҳолати ва ривожланишини ҳар томонлама ўрганиш, жумладан мониторинг тадқиқотини ташкил этиш.
“Оила” марказининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча биттадан штат бирлиги - ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилади.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини молиялаштириш манбаи этиб қуйидагилар белгиланади:
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси, маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар ва халқаро ташкилотлар грантлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Марказ фаолиятини тизимли ташкил этиш мақсадида:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликлари:
ФҲДЁ органлари марказларга никоҳни қайд этиш учун ариза берган шахсларнинг розилиги билан шакллантирилган рўйхатини ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайди.
б) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:
оила мавзусига бағишланган таъсирчан видеофильм, видеороликлар, инфографик лавҳалар медиатекасини ташкил этади;
иштирокчиларни никоҳ ва оила муносабатларини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар билан таъминлайди.
в) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
марказларда никоҳланувчи ёшларга оиладаги эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид машғулотлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатади;
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини тарғиб этишда кўмаклашади;
иштирокчиларни оилавий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари билан таъминлайди.
г) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда:
марказларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнига юқори малакали мутахассислар жалб қилади;
марказлар фаолиятини илмий-методик қўлланмалар ва тарқатма материаллар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади.